Мартаба – самимиятдан
Мамлакатимиз мустақил бўлганига ҳадемай 35 йил тўлади. Бу йилларнинг ҳар биттаси, ҳар лаҳзаси халқимиз учун нечоғлик мураккаб ва машаққатли келганини кўпчилик яхши билади. Муҳими, юртимизда тинчлик, бирдамлик барқарор бўлди. Бугунги фаровон кунларда биз ана шу синовлардан мардонавор ўта олдик, деб айтишга ҳақлимиз.
Ана шундай бир даврда юртимиз равнақи, миллат фаровонлиги йўлида жонфидолик қилган юртдошларимизни йўқлаш ҳам савобли иш саналади. 74 ёшимнинг қарийб ярмида ушбу имтиҳонли кунларга гувоҳ бўлганим учун халқ йўлида чинакам жонкуярлик кўрсатган одамларни баҳолашга маънавий ҳаққим бор, деб ўйлайман. Аниқроғи, камина сизларга Нарпайнинг Саловат қишлоғида, зиёли оилада ўсиб-улғайган, мустақиллик йилларида камол топган ҳуқуқшунос Нурилла Жабборов ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
“Бўлар бола бошдан маълум”, деб бежиз айтишмаган. Нурилла мактабдаёқ зукколиги, илмга чанқоқлиги, муҳими ички интизоми билан назарга тушди ва натижада олтин медалга сазовор бўлди. Ана шу шижоати СамДУ ҳуқуқшунослик факультетида ўқиганида ҳам давом этди. Фақат фанларни ўзлаштиришдагина эмас, амалиётда ҳам у ўзини кўрсата олди.
Шу сабабли диплом олгач, Нуруллани прокуратурага ишга таклиф этишди. Оловқалб йигит касбга иштиёқ туғма фазилат эканини исботлади. Айниқса, масалани атрофлича таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришдаги маҳорати назарга тушди. Яқин қишлоқдан эканлиги учун мен тенгдошлари билан муносабатда ҳалоллигини кўп бор кузатганман. Бу фазилати ишда унга обрў келтирди. Қатъиятли юрист 47 ёшигача иккита туман прокурори, вилоят ва Бош прокурор ўринбосари вазифаларини бажаришга улгурди.
Ўша даврда қишлоқ хўжалигимиз аҳволи яхши эмас эди. Тўқимачилик корхоналари саноқли бўлгани учун пахта хомашёсини арзон сотардик. Мева-чева экспорти йўлга қўйилмаган. Шу сабабли колхоз тизими ширкатларга ўтказилди. Кўп тармоқли хўжалик ва фермерлик ҳаракати бошланди. Нурилла деҳқончилик самарадорлигини хўжалик раҳбари бўлган отаси Шукур акадан ўргангани, вазифаси нуқтаи назаридан бевосита шу соҳа билан шуғуллангани боис ишга жиддий киришди. Тажрибали деҳқонлар маслаҳатига қулоқ солди, ҳатто хориждаги тажрибаларни ўрганиб қайтди. У ишни тизимда тартиб ўрнатишдан бошлади. Айниқса, молиявий масалалардаги ўзибўларчилик ҳолатларига қарши қатъият билан курашди. Республика Бош прокурорига ўринбосар пайтида бу ҳаракатни барча вилоятларда амалга оширди. Фермер хўжаликлари тартиб ва низомларини ишлаб чиқишда ташаббускор бўлди. Қисқа муддатда соҳанинг чинакам жонкуяри сифатида танилди.
Президент ва Бош вазир назарига тушди. Бугун ҳам уста, тажрибали деҳқонлар Н.Жабборовнинг соҳадаги хизматини ҳурмат билан эслашади.
Касбга фидойилик инсон фазилатларининг ўнтадан биттаси ҳисобланади. Унинг самимияти, ҳиммати ҳам ибратли эди. Гарчи прокуратура соҳасида ишласа-да, ниҳоятда меҳрли, куйинчак одам эди. Ҳаётда қийналиб қолган кишиларга беминнат ёрдам кўрсатарди. Мисол учун қишлоғимизда оғир дардга чалинган синфдоши Н.Эргашев ва Жониқул бобога кўрсатган ҳимматига ўзим гувоҳ бўлганман.
Н.Жабборов жуда қисқа умр кўрди, лекин ўзидан жуда катта ном, хотира қолдирди. Шукрким, бу кунда турмуш ўртоғи ва фарзандлари, шогирдлари унинг эзгу ишларини давом эттиришмоқда.
Бўрибой ЭГАМБEРДИЕВ,
Нарпай туманидаги Сарбозор маҳалласи.