Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!

Самарқанд туманида ёшларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида фестиваль ташкил этилди.

Фестиваль эрталабки соғломлаштириш тадбирлари билан бошланди. Иштирокчилар учун 5 минг метрлик оммавий юриш ҳамда бадантарбия машқлари ўтказилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирнинг асосий қисми “Конигил туризм қишлоғи”да бўлиб ўтди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар кўргазмали чиқишлар ва мусиқий дастурлар намойиш этилди. Ушбу чиқишлар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Фестивалда Самарқанд тумани ҳокими С.Усмонов ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этиб, ҳудудларда ташкил этилган ёшлар сайллари, кўргазмалар ва маданий-маърифий тадбирлар билан танишди.

Тадбир доирасида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, китоб фестивали, “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Мактабни олтин ва кумуш медаль билан тамомлаган битирувчилар билан учрашувлар ўтказилди.

Бандлик ярмаркасида 30 дан ортиқ корхона ва ташкилот иштирок этиб, ёшларга иш ўринлари ва касбий имкониятлар ҳақида маълумот берди. Қишлоқ хўжалиги ҳамда тадбиркорлик кўргазмаларида эса 50 дан ортиқ маҳсулот ва инновацион лойиҳалар тақдим этилди.

Еттита спорт тури бўйича ўтказилган беллашувларда 350 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Тадбирларга туманнинг 74 та маҳалласидан ёшлар ва спорт ихлосмандлари жалб қилинди. Мусобақалар якунларига кўра, 21 нафар ғолиб ва совриндор муносиб тақдирланди.

Фестиваль якунида тумандаги “Боқий шаҳар” туризм маркази амфитеатрида гала-концерт ташкил этилди. Унда фестиваль давомида фаол иштирок этган ёшлар ва ғолиблар 14 та номинация бўйича тақдирланди.

Концертда таниқли хонандалар Анвар Ғаниев, Дилфуза Раҳимова, Толибжон Исроилов, Жасур Умиров, Гулинур ҳамда сухандон, тақлидчи Барот Орзиматов иштирок этиб, йиғилганларга кайфият улашди.

Ушбу тадбирлар нафақат ёшларнинг билим ва иқтидорини намоён этиш, балки уларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш, касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилгани билан ёдда қолди.