Сувда чўкиш тасодиф эмас
Вилоятда беш йилда 80 нафардан зиёд фуқаро белгиланмаган жойда чўмилиб ҳалок бўлган.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 310 минг киши сув ҳавзаларида чўкиб ҳалок бўлади. Бу ҳар соатда 30 киши сувда вафот этади дегани.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан “Сув ҳавзаларида хавфсизлик ойлиги” доирасида ўтказилган кўргазмали ўқув-семинарида вилоятда сувда чўкиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, сув ҳавзаларининг бугунги ҳолати, чўмилиш тақиқланган ҳудудлар, қутқарув бригадалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроровнинг таъкидлашича, вилоятда 30 дан зиёд чўмилиш сув ҳавзаси рўйхатдан ўтган. Бугунги кунда вилоятда махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди таркибида қутқарув ғаввослар бригадаси мавжуд бўлиб, уларда 16 нафар ғаввос фаолият олиб бормоқда. Сувда қутқариш ишларини амалга ошириш бўйича барча етарли техника ва асбоб-анжомлар мавжуд ва шай ҳолатга келтирилган.
Сувга чўкиш ҳолатларининг аксарияти сув ҳарорати доимий паст ва оқим тез бўлган чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган, - дейди У.Аҳроров. - Хусусан, сўнгги беш йилда вилоятда 71 ҳолатда 84 нафар фуқаро белгиланмаган сув ҳавзаларида чўмилиб ёки турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида сувда ҳалок бўлган. Бундай жойларга Самарқанд, Иштихон, Пахтачи, Нарпай туманларидаги каналлар, Каттақўрғон, Қоратепа сув омборлари, Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари киради. Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Чўмилишга мўлжалланмаган ва чўмилиш тавсия этилмайди.
Чунки сувнинг гигиеник ҳолати талабга жавоб бермайди, оқим жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қирғоқлари беқарор. Энг ёмони, бундай жойларда ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган бўлади. Айни пайтда ойлик доирасида белгиланмаган чўмилиш ҳавзасига яқин жойлашган ҳудудлар, маҳаллалар, ўқув муассасалари ва сув хўжалиги объектларида ходимларимиз томонидан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
Тадбир давомида мутахассислар сув ҳавзаларида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, чўкиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қутқарув хизматларининг фаолияти бўйича тушунтиришлар берди.
Семинарда ички ишлар, олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллалар уюшмаси, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Фазлиддин Рўзибоев.