Педагогларнинг малака тоифаси сертификатлари амал қилиш муддати қисқармайди

Ижтимоий тармоқларда педагогларнинг малака тоифа сертификатларининг амал қилиш муддати қисқартирилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қуйидагича маълумот берди:

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17-сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.

2021 йилгача бўлган даврда педагогларга аттестация натижаларига кўра малака тоифаларини тасдиқловчи сертификатлар қоғоз шаклида ҳудудий бошқармалар томонидан расмийлаштирилган ва педагогларга топширилган. 

Мазкур сертификатлар республика бўйлаб турли саналарда берилганлиги сабабли, уларнинг беш йиллик амал қилиш муддатининг тугаши 2026 йилнинг турли ойларига тўғри келади.

Маълумки, баҳорги аттестация жараёни одатда январь–июнь ойларида ўтказилади ва натижаларга кўра янги сертификатлар июнь ойида берилади. 

Шу боис, 2021 йилнинг июль–август ойларида сертификат олган айрим педагоглар сертификатларининг амал қилиш муддати янги ўқув йили бошланишидан олдин якунига етади.

Педагогларга малака тоифаси сертификатлари муддатларида узилиш юзага келишининг олдини олиш мақсадида, сертификат муддати янги ўқув йили бошлангунига қадар тугайдиган педагогларга баҳорги аттестацияда мажбурий аттестация тури бўйича, ҳеч қандай тўлов ундирилмаган ҳолда қатнашиш имконияти мавжуд. 

Бунда педагоглар кузги аттестацияни кутмасдан, баҳорги аттестация жараёнларида иштирок этишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, малака тоифаси сертификатларининг амал қилиш муддати бўйича ҳеч қандай қисқартириш ёки ўзбошимчалик билан ўзгартириш амалга оширилмаган.

Педагогларнинг амалдаги сертификатлари муддати якунига етмагунига қадар малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ва амалдаги тоифа бўйича ҳақ тўланиши давом этади, дейилади хабарда.