Тергов судьяларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни “Одил судлов – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳақида Фармон имзолади. Бу ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган одил судловга оид вазифаларни изчил амалга оширишга хизмат қилади.
Фармонда таъкидланишича, ислоҳотнинг асосий мақсади — инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш. Бунинг учун суд тизими беш йўналиш бўйича ислоҳ қилинади: судлар фаолиятининг очиқлиги, суд мустақиллиги, қарорлар сифати, судьялар корпуси ва рақамли технологиялар.
Ҳужжатда энг диққатга сазовор янгиликлардан бири — ҳудудлараро судларнинг ташкил этилиши. 2027 йил 1 июлдан бошлаб бир нечта ҳудудий бирликларни қамраб оладиган, жами 319 та штат бирлигидан иборат бундай судлар фаолият юритади. Шунингдек, вилоят судларининг тафтиш босқичидаги ишларни кўриш ваколати ҳудудлараро судларга ўтади, бу эса қарорларни қайта кўриб чиқишда холисликни оширишга хизмат қилади.
Тергов судьяларининг фаолиятида ҳам муҳим ўзгариш кутилмоқда: 2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандарти жорий этилиб, тергов судьяларининг ваколатлари кенгайтирилади.
Шу маънода, “Одил судлов – 2030” стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотлар орасида жиноят судлов тизимининг судгача бўлган босқичига тегишли ўзгаришлар алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу босқичда марказий ўринни тергов судьялари эгаллайди — уларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда.
Жумладан, тергов судьяси мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда энди “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандартига таянади. Бу — тақдим этилган далилларнинг шахсга нисбатан гумон ёки айблов эълон қилиш учун дастлабки, лекин етарли асос беришини мустақил баҳолашни англатади. Бошқача айтганда, судья прокуратуранинг илтимосномасини формал равишда тасдиқлаб қўя қолмайди — у далилларнинг мазмунан асосли эканини текширади.
Шубҳа туғилган тақдирда, тергов судьяси тергов сирини сақлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу норма муҳим, чунки у судьяга нафақат “рад этиш ёки тасдиқлаш”, балки жараённи чуқурроқ ўрганиш имконини берадиган восита яратади.
Фармонда тезкор-қидирув фаолияти доирасида шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чекловчи тадбирларга фақат судларнинг санкция бериши мумкинлигини қонунда мустаҳкамлаш вазифаси ҳам белгиланган. Бу — тезкор-қидирув фаолияти устидан суд назоратини кучайтиришнинг қўшимча кафолати сифатида қаралмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон қабул қилиниши фуқароларнинг суд орқали ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ўткир Мамадалиев,
жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди раиси.