Тадбиркорлар, олимлар ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали майдони
Тадбиркорларнинг Жамоатчилик Маслаҳат Кенгаши — тадбиркорнинг дардини эшитибгина қолмай, унинг ечимига ҳам елкадош бўладиган, янги ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлайдиган ишончли ҳамкордир.
Кенгашнинг асосий тадбирларидан бири – Кенгаш аъзоларининг вилоят ҳокими иштирокидаги йиғилиши бўлиб ҳисобланади. Йиғилиш ҳар чоракда камида бир марта тадбиркорлик субъектлари орасида ўз ўрнига эга бўлган корхоналардан бирида ташкил этилади. Дастлаб, шу корхонанинг цехлари ва бўлинмаларига ташриф буюрилиб, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёни қандай ташкил этилгани ўрганилади.
Мезбон тадбиркорнинг фаолияти билан танишиш давра суҳбати тарзида ташкил этилган хонада давом эттирилади. Унда корхонанинг ҳозирги фаолияти, эришган ютуқлари ва истиқболли лойиҳалари тақдимот орқали намойиш этилади. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, муҳим ва қизиқарли ҳолатларни янада чуқурроқ англаб оладилар.
Шундан сўнг кун тартибига киритилган тадбиркорликка тааллуқли долзарб масалалардан бири бўйича тақдимот ва муҳокама ўтказилади.
Йиғилишларда ёшларнинг стартап лойиҳалари, тижоратлаштиришга қаратилган илмий ишланмалар ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган лойиҳалар муҳокамаси ҳам мунтазам ўтказиб борилади. Кенгаш аъзолари лойиҳалар тақдимоти давомида уларни Фонд маблағларидан молиялаштиришга тавсия беришлари ёки бирор-бир ташаббускор тадбиркорга амалга ошириш учун бириктириб беришлари мумкин.
Йиғилишларга тадбиркорлик фаолиятига алоқадор вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳам таклиф этилади. Улар Кенгаш аъзолари томонидан кўтарилган электр энергияси, газ ва сув таъминоти, қурилиш билан боғлиқ муаммолар бўйича берилган саволларга жавоб берадилар.
Вилоят ҳокими эса муаммолар ечимини таъминлаш бўйича ижро муддатларини белгилаган ҳолда тегишли раҳбарларга топшириқлар беради. Кенгаш котибияти ушбу топшириқларни баённомага киритади ва уларнинг ижросини назоратга олади. Ҳар бир йиғилишда аввалги топшириқларнинг ижроси ҳақида Кенгаш аъзоларига ахборот бериб борилади.
Кенгаш аъзоларининг йиғилишлари тадбиркорлар учун ўз муаммолари билан вилоят ҳокимига бевосита мурожаат қилиш, тадбиркорлик ривожидаги тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг яна бир таъсирчан воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунгача Кенгаш йиғилишлари “NAVOBOD NASLLI PARRANDA”, “ZARMITAN TOG‘-KON MAJMUASI”, “REGAL GROUP”, “SAG GROUP”, “SIYOB GROUP”, “ASIA METALL PROF”, “NURLI KELAJAK ISHONCH SERVIS”, “AGROMIR GROUP”, “SHARQ SANOAT”, “URGAZ CARPET”, “SAM FERRE”, “SXF/TXT GROUP”, “ZARMED GROUP”, “STEKLOPLASTIK” корхоналарида, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва агротехнологиялар университети ҳамда Самарқанд архитектура-қурилиш университетида бўлиб ўтди.
Шаҳар ва туман ҳокимларининг тадбиркорлик муаммолари билан шуғулланиши ҳамда тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиши учун самарали майдон яратиш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманларида Кенгашлар фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Шу асосда вилоятнинг Булунғур, Иштихон, Паст Дарғом, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманларида Кенгашлар тузилиб, уларнинг дастлабки йиғилишлари ўтказилди, фаолият регламентлари белгиланди ва Кенгаш раҳбарлари тайинланди.
Бугунги кунда Кенгашлар Паст Дарғом ва Тойлоқ туманларида тизимли тарзда самарали фаолият кўрсатиб, ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилиб келмоқда.
Кенгаш олий таълим муассасалари олимларининг илмий ишланмалари ва ижтимоий лойиҳаларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, профессор М.Муҳаммедовнинг “Ўзбекистон иқтисодий тарихи: Амир Темур давридан то ҳозиргача” монографиясини чоп этиш харажатларини молиялаштириш грант лойиҳасига 45,3 млн сўм ажратилди. Китоб 50 нусхада чоп этилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий йўналишдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларига ҳамда Савдо-саноат палатасининг масъул ходимларига етказилди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти маркетинг кафедраси олимларининг “Самарқанд вилоятида театр, концерт ва бошқа маданий тадбирларга аҳолини тизимли жалб этиш механизмини ишлаб чиқиш” лойиҳасига 23,5 млн сўм ажратилди.
Лойиҳа доирасида вилоят мусиқали драма театри, вилоят рус драма театри ҳамда вилоят қўғирчоқ театрида ўтказиладиган тадбирларга аҳолини тизимли жалб этиш дастурлари ишлаб чиқилди. Уларни амалга ошириш йўналишлари мутасадди мутахассисларга ўргатилди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти сервис кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан “Озиқ-овқат маҳсулотлари савдо дўконларида хизмат сифатини ошириш” мавзусида бажарилган илмий-амалий лойиҳага 40,0 млн сўм ажратилди. Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрининг турли ҳудудларидан 56 та озиқ-овқат дўкони танлаб олиниб, уларга вилоят Истеъмолчилар федерацияси ва Самарқанд шаҳар санитария осойишталиги бўлими мутахассислари билан биргаликда ташриф буюрилди. Дўконларда савдо хизматини белгиланган меъёрлар асосида ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида савдо хизмати кўрсатиш даражасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди. Ўрганилган корхоналар орасида дўконлар ушбу мезонлар асосида баҳоланди ва юқори натижа кўрсатган дўкон эгалари тақдирланди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Квант маркази билан ҳамкорликдаги лойиҳа ҳам самарали бўлди. Лойиҳа доирасида бинолар учун квант нуқталарига асосланган қуёш элементлари билан жиҳозланган, муқобил энергия манбаи сифатида ишловчи шаффоф дераза ойналари ҳамда иссиқхоналар учун квант нуқтали плёнка ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Лойиҳага Кенгаш аъзоларидан “AGROMIR GROUP” ва “STEKLOPLASTIK” корхоналари молиявий улуш билан кириб, вилоятда таълим муассасаси ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги биринчи Spin-Off корхонасига асос солинди.
Кенгаш ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам эътиборли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, маҳаллий бюджетдан умумий қиймати 1,9 млрд сўм бўлган 14 та илмий ишланма ва ёшлар стартапи молиялаштирилди.
Кенгаш аъзолари томонидан 8 нафар ёшнинг умумий қиймати 626,1 млн сўм бўлган стартап лойиҳалари молиялаштирилди.
2024 йил 30 май куни Кенгаш аъзолари томонидан вилоят ёшлари билан биргаликда 101 та лойиҳа муҳокама қилинди. Уларнинг орасидан умумий қиймати 1,9 млрд сўм бўлган 30 нафар ёшнинг лойиҳалари молиялаштирилди. Кенгаш аъзолари ва улар ташкил этган Фонд маблағларидан 1,2 млрд сўмлик 10 та лойиҳа молиялаштирилди.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабаси Севинч Алибекованинг “Иккиламчи маҳсулотдан (сут зардобидан) ноанъанавий усулда сариёғ ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш учун “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан 2023 йилда 45,6 млн сўм ажратилди ва зарур ускуналар харид қилинди.
Лойиҳа доирасида 3 нафар талаба ёшга иш ўрни яратилди. Кунига 10–20 кг сариёғ ишлаб чиқарилиб, сотувга чиқарилмоқда. Қўшимча маҳсулот сифатида йогурт ва зардоб кукуни ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабаси Ирода Жонтемированинг “Узумлар учун инновацион ҳимоя қопи ишлаб чиқариш” стартап лойиҳаси учун “NAVOBOD NASLLI PARRANDA” фермер хўжалиги томонидан 29,9 млн сўм ажратилди. Натижада 3 нафар талаба ёшга иш ўрни яратилди, ишлаб чиқариш фаолияти давом эттирилмоқда. Жорий 2026 йил мобайнида 3,0 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабаси Динора Худойбердиеванинг “Маҳаллий чиқиндилардан «резин арт» санъати ёрдамида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш” стартап лойиҳасига “URGAZ KARPET” МЧЖ томонидан 31,0 млн сўм маблағ ажратилди. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 3 та иш ўрни яратилди ва 12,0 млн сўмлик маҳсулот сотилди.
Самарқанд давлат университети талабаси Ноила Жумакулова томонидан “Самарқанд вилояти шароитида тиконсиз маймунжон (Rubus caesius L.) навларининг кўчатларини етиштириш ва плантацияларини ташкил этиш” лойиҳаси Кенгаш аъзолари йиғилишида маъқулланди. 2024 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан лойиҳани амалга ошириш учун 276,7 млн сўм ажратилди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида юқори ҳосилдор навлар танланиб, уларни вегетатив усулда кўпайтириш технологияси йўлга қўйилди. Тажриба плантациялари барпо этилиб, кўчатларни етиштириш, парваришлаш ва сотиш ташкил этилди.
Талаба ўз тадбиркорлик фаолиятини “NOILA SHOKIROVNA” МЧЖда давом эттириб, шартнома асосида “ADILOV RASHID AGRO MEVA” фермер хўжалигининг 20 сотих ер майдонида тикансиз маймунжон плантациясини ташкил этди. Етиштирилаётган маҳсулотлар “KORZINKA” савдо тармоғига етказиб берилмоқда.
Нозир Ибрагимов,
иқтисод фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор).