Коллежда олинган тоифа мактабгача таълим ташкилотларига ўтмайдими?

- 2023 йилда педагогика коллежида етакчи ўқитувчи тоифасини олганман. Яқинда коллеж тугатилди ва мен боғчага директор ўринбосарлиги лавозимига ишга қабул қилиндим. Лекин ушбу навбатдан ташқари тўлов қилиб олган тоифам ўтмас экан. Ҳисобчиларнинг айтишича, директор ўринбосари деган тоифа олишим керак эмиш. Шунда олган тоифаларим бекор бўладими, мактабгача таълим ташкилотларига ўтмайдими?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентабрдаги 572-сон қарорига 1-илова сифатида тасдиқланган "Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 17-банди педагог кадрларнинг малака тоифалари (лавозимлари) бошқа таълим ташкилотларига, таълим ташкилотларининг бир туридан бошқасига ёхуд нодавлат таълим ташкилотидан давлат таълим ташкилотига ишга ўтганда сақлаб қолинади.

Бунда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларининг иккинчи малака тоифаси - ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг катта ўқитувчиси лавозимига, биринчи малака тоифаси - етакчи ўқитувчиси лавозимига, олий малака тоифаси - бош ўқитувчиси лавозимига тенглаштирилади.

Юқоридаги қоидага асосан сизнинг педагогика коллежида олган етакчи ўқитувчи тоифангиз мактабгача таълим ташкилотида 1-тоифа сифатида тан олинади.  Юқоридагиларни инобатга олиб, сизга биринчи тоифали педагог сифатида ҳақ тўлаши керак. Иш берувчи сизга биринчи тоифали педагог сифатида иш ҳақи тўлашдан бош тортса, адлия бўлимига ёки прокуратурага ариза беришингиз керак. Улар ҳолатни ўрганиб чиқиб, сизга амалий ёрдам беради (https://t.me/nuroniylarovozi/184707).

"Huquqshunos".