Ўқитувчилар иккинчи тоифа олиш учун аттестациядан ўтмоқда

Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида Халқ таълими вазирининг жорий йил 11 декабрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган иккинчи малака тоифасига талабгор педагог кадрларнинг аттестациясини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан самарқандлик 6 500 нафардан ортиқ умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ўз билим ва тажрибасини синовдан ўтказишмоқда.

Аттестация жараёнларига 280 та компьютер ва ноутбуклар жалб этилиб, уларнинг тезкор ишлаши мутахассислар назоратига олинган.

Ўқитувчилар ўқув фанларидан 40 тадан савол ҳамда тестни онлайн тартибда, компютерларда бажариб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,5 баллдан олишмоқда. Синовларнинг холис ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ходимлари кузатиб бормоқда. Бундан ташқари, ҳар бир аудиторияларга камералар ўрнатилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларида 54535 нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 1049 нафари олий, 4545 нафари биринчи ҳамда 10495 нафари иккинчи тоифали ўқитувчилардир.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.