Коррупция ёки пора таклифи ҳақида хабар берган ходим давлат ҳимоясида бўлади
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 8 июнда “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Фармон мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлиб, у суд тизимида ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Фармоннинг биринчи бўлимида учта стратегик мақсад белгилаб берилган.
Биринчи мақсад – судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини яратиш ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш. Бу ўринда асосий эътибор коррупция оқибатларига эмас, балки унинг сабабларини бартараф этишга қаратилмоқда.
Иккинчи мақсад – суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишнинг мутлақо янги, очиқ ва шаффоф тизимини жорий этиш. Энди кадрларни танлашда меритократия, яъни билим, қобилият, малака ва шахсий фазилатлар асосий мезон бўлади.
Учинчи мақсад – суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг фаол иштирокчисига айлантиришдан иборат.
Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири суд тизимида Комплаенс назорат хизматининг ташкил этилишидир. Ушбу хизмат суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солиш билан шуғулланади.
Хусусан, Олий суд аппаратида бевосита Олий суд раисига бўйсунувчи 3 нафар ходимдан иборат Комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, ҳарбий суд, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилмоқда.
Бу тузилманинг бевосита Олий суд раисига бўйсуниши унинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ:
– судьялар корпусида коррупциянинг олдини олиш вазифаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Суд инспекциясига;
– суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш вазифаси эса, Олий суднинг Комплаенс назорат хизматига юклатилмоқда.
Бу ваколатларнинг аниқ ажратилиши масъулиятни кучайтиради ҳамда назорат самарадорлигини оширади.
Шунингдек, Фармонда Комплаенс назорат хизматининг кенг кўламли вазифалари белгилаб берилган. Улар жумласига:
– коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш;
– коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш;
– ходимлар томонидан касб этикасига риоя қилинишини назорат қилиш;
– ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш;
– номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш;
– ходимларда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш;
– даромад ва мол-мулк декларацияси тизимини юритиш;
– маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликнинг олдини олиш;
– коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш;
– хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш каби муҳим вазифалар киради.
Мазкур вазифалар халқаро антикоррупция стандартларига тўлиқ мос келади.
Фармон асосида декларация тизими жорий қилинмоқда. Яъни, энди судьялар, суд аппарати ходимлари, уларнинг турмуш ўртоқлари, вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки ҳақида маълумотлар тақдим этилади.
Бу тизим коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва яширин манфаатларнинг олдини олиш имконини беради.
Фармон билан илк бор суд тизимида коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда.
Бу норма халқаро амалиётда “Whistleblower protection” деб аталади.
Энди коррупция ёки пора таклифи ҳақида хабар берган ходим давлат ҳимоясида бўлади. Бу эса, яширин коррупция ҳолатларини фош этиш имкониятларини кенгайтиради.
Фармонда суд аппарати ходимларига нисбатан янги чекловлар ҳам белгиланди. Бу чекловлар суд тизими ходимларининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган. Жумладан:
– коррупция жиноятлари учун судланган шахсларни ишга қабул қилиш тақиқланади;
– давлат органларидан ножўя хатти-ҳаракатлари учун бўшатилган шахслар уч йил мобайнида қабул қилинмайди;
– тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади;
– хорижда ҳисобварақ ва мол-мулкка эга бўлиш чекланади;
– сиёсий ва бошқа манфаатлар йўлида хизмат вазифасини бажаришга йўл қўйилмайди.
Фармонда коррупциявий хавфларни бошқариш бўйича махсус электрон тизим яратиш ҳам назарда тутилган. Ушбу тизим:
– шубҳали операцияларни аниқлайди;
– интизом бузилишларини мониторинг қилади;
– коррупция хавфларини баҳолайди;
– профилактик чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Мазкур фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг янги институционал моделини яратмоқда. Аввал асосий эътибор ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва жазолашга қаратилган бўлса, эндиликда коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш устувор вазифага айланмоқда.
И.Ҳамроқулов,
Самарқанд туманлараро иқтисодий суди раиси.