Аттестация саволлари айрим ўқитувчиларга қийин бўлиши мумкин, аммо менга сезилмади

Педагоглар малака тоифаси учун ташкил этиладиган аттестация имтиҳони бу йил анча мураккаб бўлгани рост. Мантиқий саволлар педагогларни қийнаётгани, ҳамма ҳам бу жараёндан юқори балл ололмаётгани ҳам ҳақиқат.
Шунинг учун бўлса керак дастлаб ижтимоий тармоқларда айрим педагогларнинг норозилик чиқишлари ҳам бўлди.
Бу йилги аттестация имтиҳонида 86 ва ундан юқори балл тўплаган педагогларга 70 фоиз устама берилади. Бундай устамани ҳар қандай педагог ҳам қўлга киритолмайди. Фақат ўз устида мунтазам ишлаган, ўз фанини чуқур биладиган педагоглар имтиҳонда юқори балл тўплай оляпти. Келинг, яхшиси юқори натижага эришган педагогларнинг ўзларидан аттестация имтиҳонига қандай тайёргарлик кўргани ҳақида сўраймиз.
Сухроб Тўраев, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабининг Самарқанд филиали математика фани ўқитувчиси:
- Асли отам математика фани ўқитувчиси, шу сабабли мен болалигимдан математикага меҳр қўйдим. Самарқанд давлат университетининг математика факультетида махсус сараланган гуруҳда ўқидим. Биз ўқиган пайтда талабалар орасидан энг кучли 18 нафар талаба имтиҳон асосида танланиб, уларга алоҳида дарс ўтиларди. Университетни битиргач, бир йил хусусий мактабда, икки йилдан бери ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларга математика фанидан дарс беряпман.
Ўтган йилнинг август ойида SAT халқаро сертификатини қўлга киритдим. Халқаро сертификат учун бўлиб ўтадиган имтиҳонда математика ва инглиз тилидан саволлар берилади. Имтиҳонда математикадан барча саволларга жавоб топганман, инглиз тилидан хатоларим бўлган. Халқаро сертификат учун 50 фоиз устама оламан.
Педагогларнинг малака тоифаси учун ташкил этиладиган аттестация имтиҳонларига қатнашиб келяпман. Кузги аттестацияда муддатидан олдин иштирок этиб, 80 балл билан олий тоифани қўлга киритгандим. Бу сафар аттестация имтиҳонида 92 балл олдим. Дўстим Аслиддин Тўраев билан телеграм канал очиб, математика фани ўқитувчиларини аттестацияга тайёрлаганим учун юқори натижага эришдим деб ўйлайман. Ўқитувчиларга ёрдам бўлсин, деб шу лойиҳага қўл урдик. Натижасини аввало ўзимда кўрдим. Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларини ҳам халқаро сертификат олишга тайёрлаяпман.
Энди бу галги аттестация имтиҳонидан сўнг иш ҳақимга яна 70 фоиз устама пули тўланади, яъни жами 120 фоиз устама пули оламан.
Аттестация имтиҳони ҳақидаги ҳар хил гап-сўзларга ишонмайман. Бу жараёнда ўзим иштирок этиб келганим боис тест синовларининг шаффоф ўтаётганига гувоҳ бўляпман. Аввалги аттестация имтиҳонида лоақал ёнингиздаги педагогга гапирсангиз бўларди. Бу йилги аттестацияда ҳатто ёнингиздаги ўқитувчи билан ҳам гаплашишнинг имкони йўқ. Дастур шундай ишлаб чиқилган.
Шерали Жўраев, Каттақўрғон туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси:
- Мен олий тоифали ўқитувчиман. Бугунги аттестация имтиҳонида 96 балл тўпладим. Тест саволлари айрим ўқитувчилар учун қийин бўлиши мумкин, аммо менга қийинлиги сезилмади. Сабаби, йигирма йилдан бери ўқувчиларни олий таълим муассасасига тайёрлайман. Дарсдан кейин тарих фанига қизиқиши бор ўқувчиларга қўшимча машғулотлар олиб бораман. Ўқувчиларим фан олимпиадаларида қатнашиб, вилоят ва республикада фахрли ўринларни қўлга киритган. 2023 йилда вазир жамғармасига сазовор бўлдим. Шунингдек, тарих фанидан миллий сертификатим бор.
Ўз касбини севган ва доим ўз устида ишлайдиган ўқитувчиларга бугун кенг имкониятлар яратиляпти. Билимли хор бўлмас, дегани шу бўлса керак.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.