Самарқандда педагогларнинг аттестацияси бўлиб ўтмоқда

Малака тест синовлари Самарқанд шаҳридаги Билимларни баҳолаш маркази биносида ташкил этилган. Унга мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагоглари жалб этилган.

"Аттестация жараёнларида иштирок этиш учун вилоятдаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагоглардан 19 минг 532 та мурожаат келиб тушган, - дейилади Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида. - Уларнинг 15 минг 453 таси қабул қилинган, 1514 таси тизимга нотўғри юкланганлиги сабабли рад этилган. 686 та ариза эгаси тўловни амалга оширмагани боис қайтарилган.

Талабгорлардан келиб тушган аризаларнинг 16 минг 139 таси навбатдан ташқари бўлиб, улар ўз хоҳишига кўра тоифа имтиҳонлари топширишга ариза берган педагоглардир.

Тест синови жараёнларининг шаффоф ва сифатли ташкил этиш мақсадида барча шарт-шароитлар яратилган. Айни кунда математика ва физика фани ўқитувчилари малака ошириш имтиҳонидан ўтмоқда.

Имтиҳонлар 14 ноябргача давом этади.