Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда педагоглар аттестацияси бошланди, имтиҳонлар икки босқичда бўлиб ўтади

Бугун вилоят Билимларни баҳолаш марказида педагог кадрлар аттестациясига старт берилди.

Бу йилги педагоглар малака тоифаси учун ташкил қилинган аттестация жараёнларида вилоятимиздан 21 минг 430 нафар педагог иштирок этиши режалаштирилган.

Амалиётга жорий этилган янги тизим асосида малака тоифасини олиш синовлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади.

Иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.

Тест синовида ҳар бир номзодга математика, физика, кимё, биология, информатика фанлари учун 2 соат (120 дақиқа), қолган фанлардан 1,5 соат (90 дақиқа) вақт берилади.

Аттестация жараёнлари май ойи охирига қадар давом этади.