Бу йил педагогларга аттестация жараёни қандай ўтказилади?
Хабарингиз бор, ўтган йили педагог кадрларнинг аттестация жараёни ўтказилмади. Бу йилги аттестация жараёнида айрим ўзгаришлар бор. Бу ҳақда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайрат БОБОХОЛОВ батафсил тушунча берди.
- Олий ёки биринчи тоифали ўқитувчиларимизни сифат таркиби аслида кейинги бир-икки йилда яратилган имкониятлар нуқтаи назаридан ўсиш бўлди, - деди Ғайрат Бобохолов. – Чунки бир йилда икки марта педагог кадрларнинг аттестация жараёнининг ўтказилиши бевосита сифат таркибига таъсирини кўрсатди.
1 январдан бошлаб давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 692-сон қарори имзоланди.
Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун аттестациянинг биринчи босқичида – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида 40 та тест топшириғи берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест топшириғи 2 балл билан баҳоланиб, тест синовлари учун жами 80 балл берилади.
Иккинчи босқичда – педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида илғор педагогик услуб ва технологияларни қўллаш бўйича 10 та топшириқ берилади.
Бунда ҳар бир тўғри берилган жавоб 2 балл билан баҳоланиб, жами 20 балл берилади. Ҳар иккала босқич ҳам бир вақтда компьютер дастурлари орқали амалга оширилади.
Мактабдан 20 баллик маълумотнома бериш тартиби бекор қилинди
Илгари аттестацияга жалб қилинадиган ўқитувчилар фаолияти биринчи босқичда таълим муассасасининг педагогик (кузатув) кенгашлари томонидан ўрганилиб, 20 баллик тизимда баҳоланган ҳолда маълумотнома бериларди.
Иккинчи босқичда эса ўқитувчининг билими тест орқали 80 баллик тизимда баҳоланиб, икки босқич якунларига кўра, тўпланиши мумкин бўлган максимал кўрсаткич 100 баллга тенг бўларди.
Педагогларга малака тоифалари беришнинг янги тартибига мувофиқ, энди мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагоглари учун таълим ташкилотидан 20 баллик маълумотнома берилмайдиган бўлди.
Педагоглар фаолиятини 20 баллик тизимда баҳолаб, уларга маълумотнома бериш тартиби фақатгина ўрта махсус, профессионал таълим ташкилоти педагог кадрлари учун сақланиб қолди.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.