Жаҳон “мусобақа”сида Хитой: янги қудратми ёки нусхага таянаётган давлатми?

Янги асрнинг бошларида кўпчиликнинг эътиборини тортмаган ғалати воқеа содир бўлди. Хитой Франциядан харид қилган А-320 аэробуси бирдан таг-туги билан йўқолиб қолди.

Одатда, сотиб олинган йўловчи ташувчи самолёт тезлик билан рейсга қўйилиши ва авиакомпания учун фойда келтириши лозим. Аммо бу яп-янги учоқ бирор марта ҳам кўкка парвоз қилмади. Кейин маълум бўлишича, аэробус хитойлик муҳандислар томонидан кичкина мурватчаларигача қисмларга ажратилган ва улардан нусха олиш тадориги бошлаб юборилган экан.

Биз аввалги мақолаларимиздан бирида буюк муқаллид Ден Сяопиннинг қандай қилиб “Осиё йўлбарслари” саналмиш Япония, Жанубий Корея, Тайван, Сингапур, Малайзия сингари мамлакатларнинг иқтисодий тизимларидан нусха олиб, Хитойда ислоҳотлар бошлагани ҳақида ёзган эдик. Айтиш мумкинки, унинг ушбу иш усули давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Энди хитойлик ўртоқлар ҳеч тап тортмасдан хориж ихтиролари ва технологияларини рухсатсиз ўзлаштиришга киришди. Саноат ва технологиялар жосуслиги кенг йўлга қўйилди. Шу билан бирга чет эллик олимлар кашфиёти ҳамда ихтироларини сотиб олиш усуллари ҳам такомиллаштирилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасини бугун кўриб турибмиз. Хитой дунёда АҚШдан кейинги иккинчи супердавлатга айланди. Бир вақтлар собиқ СССРда ҳам худди шундай ҳолат юз берганди. Ғарб саноатчилари кўмаги, АҚШнинг “ленд-лизи” шарофати ва Германиядан ундирилган моддий товонлар самарасида собиқ шўро иттифоқи мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб, жаҳоннинг иккинчи кучли давлатига айланганди. Ўтган асрнинг 50-60 йилларида биринчи бўлиб космосга чиқиб, Америкага етиб, ҳатто қувиб ўтишга бел боғлаганди. Шу хусусда халқ томонидан ижод қилинган машҳур бир латифа ҳам сақланиб қолган.

Кунларнинг бирида ишчилар билан бўлган учрашувда Хрушчев минбарда туриб:

- Ўртоқлар, тез орада Американи қувиб етиб, олдинга ўтиб оламиз, - дебди. Шунда ишчилардан бири қўл кўтариб ўрнидан турибди-да:

- Ўртоқ Никита Сергеевич, бундай қилиб бўлмайди, - дебди.

- Ие, нега? - ҳайрон бўлибди Хрушчев.

- Ахир, олдинга ўтсак иштонимизнинг йиртиғи кўриниб қолади-да, - деган экан ишчи.

Келинг, энди яна аэробус воқеасига қайтайлик. Тахминан, худди ана шу йилларда Хитой ўз йўловчи учоқларини яратиб, “Боинг”ни синдирар эмиш, деган гаплар пайдо бўлди. Тўғри, хитойликлар “А-320”га ўхшатиб ўзларининг “СИ-919” самолётини яратди. Аммо бу нусха Европа авиасозларининг муваффақиятини такрорлай олмади. Асосий буюртмачилар ҳам Хитой авиакомпаниялари бўлиб, ички йўналишларда парвоз қила бошлади. Кейинги йилларда Ғарб мамлакатлари томонидан таъминланиб турилган бутловчи қисмлар камайганлиги боис ишлаб чиқариш сустлашиб қолди. Сабаби, Хитой муҳандислари қайта яратган бутловчи қисмлар технологик жиҳатдан мукаммал бўлиб чиқмади. Самолёт таркибида миллиондан ортиқ деталлар борлигини эътиборга олсак, йўловчилар хавфсизлиги учун ҳар бир қисмнинг аҳамияти нақадар катта эканлиги ойдинлашади. Оқибатда учоқ белгиланган 6000-7000 километр масофага эриша олмай, максимал учиш узоқлиги 5000 километрдан ошмади. Сабаби, самолёт мотори маълум бир муддатдан сўнг кескин қизий бошлади. Ҳолбуки, Европа аэробуслари зарур бўлган ҳолларда меъёрдан икки баравар узоқроқ масофага учиш қобилиятига эга. Натижада Хитой аэробусларига мамлакатдан ташқарида харидор деярли топилмади. Хитойлик авиамуқаллидлар кейинчалик “А-320” технологияларини асос қилиб, “А-350” сингари кенг фюзеляжли каттароқ йўловчи учоқни ҳам яратишга ҳаракат қилиб кўришди. Унга “СИ-929” дея ном беришди. Аммо бу галги уриниш умуман муваффақиятсиз бўлиб чиқди. Чунки ўртача масофаларга 100-200 йўловчи билан 4000-5000 километрга қадар учишга мўлжалланган учоқ лойиҳаси 400-500 ўринли катта лайнернинг техник талабларига мутлақо жавоб беролмади ва кейинги йилларда бу борадаги изланишлар тўхтаб қолди.

Қизиғи шундаки, ўғрини қароқчи урибди деганларидек, хитойликлар Европадан ўзлаштирган технологиялар қандайдир йўл билан россияликлар қўлига ўтиб, улар ҳам ўзларининг аэробусларини яратиш пайига тушди. Руслар уни “МС-21” деб атади. Самолётнинг 100 ўринли вариантини “Супержет” деб қўя қолишди. Катта дабдаба билан реклама қилинган супержетлар кетма-кет юз бера бошлаган авиаҳалокатлардан сўнг аста-секин хориждаги харидорларини йўқотиб, ҳозирда ички йўналишларда фойдаланилмоқда, холос. “МС-21”нинг кейинги тақдири эса охирги халқаро санкциялар оқибатида ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

 

 Ўзингники ўзингга бегона

Кейинги йилларда Хитойнинг жосуслик фаолиятида илмий-техник тижорат технологиялари асосий нишонга айланиб бораётганлиги яққол кўриниб қолмоқда. Нью-Йорк штатининг собиқ мансабдори Линда Сан ва унинг турмуш ўртоғи Крис Ху Хитой ҳукуматидан имтиёзлар олган ҳолда махфий маълумотларни ўзлаштиришда айбланмоқда. Бу воқеа Хитой жосуслик фаолиятининг янги босқичи сифатида баҳоланмоқда. АҚШ стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотларига кўра, 2000-2023 йиллар орасида Америкадаги Хитой жосуслик ишларининг аксарият кўпчилиги хитой миллатидаги фуқаролар билан боғлиқ бўлган. Уларнинг 54 фоизи ҳарбий илмий-техник технологияларни, 29 фоизи эса тижорат соҳасини қамраб олган. Тадқиқотчи Николас Эфтимиадиснинг маълумотларига кўра, жосуслик фаолиятининг қолган қисми асосан, яшил энергия, биотехнология, аэрокосмик ишланмалар, ахборот технологиялари ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги янгиликларни қўлга киритиш билан шуғулланган. Бундай ҳолатлар кўпроқ Калифорния штатида қайд этилган. Мингга яқин Нобель мукофотига сазовор бўлган олимлар орасида бор-йўғи учтаси хитойлик эканини эътиборга олсак, бугунги Хитой мўъжизаси таги бўш эканлиги ва ихтиролар Ғарбдан ўзлаштирилгани очиқ аён бўлиб қолади. Кейинги даврда бу борада латифанамо воқеалар ҳам рўй бермоқда.

Яқинда хитойликлар Нидерландия қуриб берган микрочип ишлаб чиқарувчи корхонадаги АСМЛ дастгоҳини бузиб қўйди. Уни тузатиш учун Европадан мутахассислар чақирилди. Улар дастгоҳни очиб қарашганида аввал ҳам очиб кўрилгани маълум бўлади. Дастгоҳ юраги ҳисобланмиш ультрабинафша нурли литография маркази шундай мослаштириб қўйилган эканки, мабодо кимдир очишга уринса, ускунанинг ўзи марказни ишдан чиқариб, яроқсиз ҳолга келтирар экан. Хитойликлар дастгоҳ сирини ўрганиш учун очиб кўрганларини тан олмаганларидан сўнг, нидерландияликлар комиссия тузиб, ушбу ҳолатни текширмоқчи бўлибди. Аммо хитойлик ўртоқлар уларни ўз заводларига киришларига рухсат беришмабди. Шу хил хатти-ҳаракатлар натижаси бўлса керак, кейинги йилларда хорижий компаниялар Хитойни тарк этиб, ўз корхоналарини Вьетнам, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия сингари қўшни мамлакатларга кўчирмоқда.

Хитой барибир юксак технологиялар бўйича хорижга қарам бўлиб қолмоқда. Тўғри, қачонлардир Хитой ҳам ўзининг мураккаб технологияларини яратар, аммо бу учун, аввало, мактаб яратилиши, уларда ўн-йигирма йиллаб фундаментал тадқиқотлар олиб борилиши, тажрибалар ўтказилиши зарур. Бу орада Ғарб дунёси ҳам “Қачон Хитой бизга етиб олар экан”, деб тўхтаб турмаса керак. Ҳозир айрим технологиялар бир йилда эскириб қолмоқда. Масалан, Хитой ва Россия нодир металларга бой мамлакатлар ҳисобланади. Айтиш мумкинки, уларни рудадан ажратиб, тозалаб бойитишда бу мамлакатларга тенг келадигани йўқ. Ҳатто Америкада ҳам бундай технологиялар йўқ. Бироқ Ғарб мамлакатларида эҳтиёж туфайли ноёб металларни қайта ишлаш технологияси яхши ривожланган. Ноёб металлар ҳозир ҳамма жабҳаларда: авиасозлик, кемасозлик, автомобилсозлик, қўйингки, барча соҳаларда кенг қўлланмоқда. Шу боис улар яратган самолётлар дунёни айланиб чиқса-да, қизимайди. Кичкина дронлари ҳам 2000-3000 километрга учиб зарба бермоқда.

Агар эътибор берилса, кейинги пайтда бозоримизга катта дабдаба билан кириб келган Хитой автомобилларининг обрўси анча пасайиб қолди. Сабаби яна ўша ноёб технологияларга бориб тақалади. Бунақа юксак технологияларни яратиш учун эса юқорида ёзганимиздек, олиймақом илмий мактаблар ва минг-минглаб олий савияли илмий ходимлар зарур бўлади.

Дунёнинг ишлари

Мақоламиз тўласинча Хитойга бағишланган экан, бу мамлакатнинг дунёдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугунги Хитой жаҳонда ҳар жиҳатдан АҚШдан кейин иккинчи ўринда турувчи қудратли давлат. Аммо у ўз қудрати ва салоҳиятини оқилона намоён этяптими? Баъзи томондан бу саволга “ҳа” деб жавоб бериш мумкин. Аммо айрим мураккаб масалаларда ўз мавқеига ярашмайдиган кузатувчилик ёки очиқдан очиқ нохолислик позициясида туриб келмоқда. Тўғри, ҳар бир мамлакатда бўлганидек, Хитойнинг ҳам давлат манфаатлари борлигини ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин дунёнинг глобал муаммолари ечимида бетарафлик ёки нохолис томонда туриб олиш улуғ миллатнинг буюклик мақомига сира тўғри келмайди.

Масалан, ҳозирги кунларнинг энг долзарб муаммоси Украинада тинчлик ўрнатиш масаласи бўлса, Хитой бунда мутлақо тушунарсиз сиёсат юргизмоқда. Бир томондан Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тамойилини ёқлаб чиқмоқда, бошқа томондан эса Россия қиролли кучларига дронларнинг бутловчи қисмларини етказиб беришда давом этяпти. Айрим маълумотларга кўра, улар Хабаровскда дрон ишлаб чиқарувчи йирик корхона қурилишига яқиндан кўмаклашмоқда экан. Бу борада унинг манфаатлари рус ҳукуматининг сиёсати билан ҳамоҳанг. Айниқса, Россиянинг арзонлаштириб сотаётган нефть, газ, кўмир, металл сингари хомашёлари Хитой тараққиётининг кучли дастакларига айланди. Шу асосда ҳар икки мамлакат бирлашиб, гўё халқаро империализмга қарши курашмоқда.

Матбуот хабарларига кўра, кейинги пайтда Хитой ўз олтин захирасини бойитяпти. Ушбу ҳаракатнинг ҳам туб мақсади халқаро бозордан АҚШ долларини сиқиб чиқаришдан иборат эканлиги очиқ айтилмоқда. Бу борада зўр бериб ўз атрофига турли усуллар воситасида иттифоқчиларни тўпламоқда. Бир томондан янги-янги шериклар топилаётган бўлса, иккинчи томондан баъзилари ҳафсаласи пир бўлиб, Пекиндан узоқлашмоқда. Шу пайтгача умумий манфаатлар асосида Хитой билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётган Покистон билан орада бироз совуқчилик тушди. Нега десангиз, Покистон мутахассислари Хитойдан ўрганиб қайтган нодир металларни бойитиш технологияси сирларини америкаликлар билан баҳам кўришгани Пекинни ғазаблантирган. Яқинда Афғонистон-Покистон чегарасида бўлиб ўтган қуролли можаро ҳам ана шу совуқчиликнинг изғирини дейишмоқда. Чунки толибонлар ҳукумати бугун Хитой билан ўта яқин муносабатларга киришган. Бунда ханларнинг Хитойдаги диндор мусулмонлар бошига солаётган жабр-ситамлар ҳам толибонларни заррача ташвишлантирмаяпти.

Хўп, бу энди бир-бири билан зиддиятлашаётган давлатлар орасидаги муносабат. Бироқ қуйидаги гапларга нима дейсиз? “Рейтерс” агентлигининг хабарига кўра, АҚШ Эроннинг “Шаҳед” дронларини ишлаб чиқаришда ёрдам берган Украина компанияларига қарши санкциялар жорий қилди... Хуллас, дунёнинг ажабтовур ишлари ҳақида айтаверсак адо бўлмайди.

Лекин шуниси аниқки, жаҳондаги нотинчлик ўчоқлари олови зудлик билан ўчирилиши лозим. Афтидан, бу ҳаракат осон кечадиганга ўхшамаяпти. Жумладан, рус-украин можароси ҳақида тўхталадиган бўлсак, Путин Украина билан тинчлик келишувини имзолаш ниятида эмас. Бу ҳақда Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги махфий разведка хизматининг собиқ раҳбари Ричард Мур “Блоомберг” нашрига берган суҳбатида маълум қилди. У бунда бир неча ҳафта олдин олинган разведка маълумотларига таянаётганини билдирди. Унинг айтишича, “Путин ҳеч қандай келишув тузмоқчи эмас. Уруш унинг учун фақат ҳудуд масаласи эмас, балки ҳукмронлик масаласи ҳамдир. У Украинани Беларусга ўхшатиб ўзига тобе давлатга айлантирмоқчи”.

Ҳозирги кунларимиздаги вазият шундайки, Украина ташқи ишлар вазирлиги Россия билан тинчлик музокаралари тўхтатилганлигини эълон қилди.

 Худойберди Комилов,

 сиёсий шарҳловчи.