Дунёни бўлиб олишга интилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган
2024 йилда Россияда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу эса Кремль сиёсатхонасидаги ҳаракат жараёнини тобора тезлаштириб юборди. Путин яна президентликка ўз номзодини қўядими ёки ҳокимиятни бирорта ворисига топширадими, деган катта савол ҳозиргача ўз жавобини топмай турибди.
Аммо сиёсий экспертларнинг фикрига кўра, у умрининг охиригача тахтни тарк этмоқчи эмас. Бунинг бир неча муҳим сабаблари бор.
Биринчидан, у Россия халқига берган катта ваъдаларининг бирортасини ҳам ҳали тўлиқ бажармади. Масалан, ўз фаолиятининг бошланишида Россияни дунёдаги энг ривожланган бешта давлат қаторига қўшиш режасини эълон қилганди. Бироқ мамлакат бошқа бешликка қўшилиб қолди: коронавирус касаллигидан энг катта зарар кўрган қолоқ давлатлар қаторига кирди. Пандемия бошлангандан буён Россия аҳолиси 1 миллиондан ортиқ кишига камайди. Бу эса аҳоли сони энг кўп бўлган Хитойдаги йўқотишлардан ҳам анча зиёдроқ.
Иккинчидан, ишчиларнинг ўртача иш ҳақи шу даврга келиб, валюта эквивалентида ойига 2 минг доллардан оширилиши лозим эди. Бу марра ҳам эгалланмади. Ҳозир Россиядаги ўртача иш ҳақи 47 минг рублга тенглашиб, қарийб 510 долларни ташкил этмоқда. Бу эса уруш оқибатида иқтисодиёти тўкилиб қолган Украинадаги ўртача иш ҳақидан ҳам анча кам. Украинада 2021 йилда бу миқдор 620 долларга тенг бўлган.
Учинчидан, Путин президентлик даврида пенсия ёши оширилмаслиги ҳақида халққа бир неча марта тантанали ваъда берганди. Афсуски, бу борадаги ваъдалар ҳам ёлғон бўлиб чиқди. Пенсия ёши аёллар учун 60, эркакларга эса 65 ёш қилиб белгиланди. Путин буни хориж мамлакатлари тажрибаси мисолида асослаб беришга уринди. Аслида, бу ислоҳотнинг бош сабаби мамлакат чуқур демографик ўрага тушиб қолганлиги билан изоҳланади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, Россияда эркакларнинг ўртача умри 67 йил. Демак, у ердаги потенциал пенсионер эркак бор-йўғи икки йилгина қарилик гаштини суриш имкониятига эга бўлиб чиқади. Ҳолбуки, пенсия ёши юқори бўлган хорижий мамлакатларда бу миқдор 15-20 йилни ташкил қилади.
Кейинги йилларда Владимир Путин мамлакат ичидаги тушиб бораётган обрўйини тиклаб олиш мақсадида ташқи сиёсатга устувор урғу бера бошлади. 2014 йили Украинада Қрим ярим ороли, Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини зўравонлик йўли билан эгаллаб олди. Москва бунга баҳона қилиб Украинада сиёсий тўнтариш содир бўлиб русийзабон аҳоли учун хатарли вазият пайдо бўлгани билан изоҳламоқчи бўлади. Келинг, шундай деб ҳам қабул қилайлик. 1991 йилда Россияда ҳам давлат тўнтариши бўлиб, мамлакат тақдири қил устида қолганди. Ўша қалтис йилларда бутун дунё Россия ва бошқа собиқ иттифоқдош республикаларга беғараз ёрдам қўлини чўзди. Биргина АҚШ Россия халқини очарчиликдан сақлаб қолиш учун 41 миллиард долларлик озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотлари жўнатди. Ушбу ёрдамни зудлик билан етказиб бериш мақсадида 180 та ҳарбий транспорт учоқлари Москва, Ленинград ва бошқа шаҳарларга тинимсиз парвоз қилди. Хорижнинг ўша йиллардаги инсонпарварлик ёрдами халқ орасида "Буш оёқчалари" номи билан роса машҳур бўлди. Ана шу сахийлик билан берилган кўмакни ҳам баъзи кўрнамак арбоблар: "Америкаликлар бизга товуқнинг энг бемаза жойини жўнатди", деб камситмоқчи бўлдилар. Мана, ана энди давлатнинг пули кўпайиб, анча-мунча қаддини тиклаб олгач, Кремль ғарбнинг қилган яхшиликларини бир бурнидан чиқариб қўймоқчи, шекилли.
Бугун Россия билан Ғарб орасида ҳал қилиниши анчайин мураккаб бўлган жиддий муаммолар юзага келди. Улардан энг биринчиси Украина масаласидир.
Киевнинг мустақил ҳаракат қилиб, Европа мамлакатлари билан яқинлашув сиёсати бошданоқ Москванинг ғашини келтирганди. 2014 йилдаги воқеалар бу борада уни тамоман мувозанатдан чиқариб юборди. Россия маъмурлари Украинада кучли ички бошбошдоқлик келтириб чиқариб, рус тилли аҳоли яшайдиган катта қисмини ажратиб олмоқчи бўлишди.Уларнинг режаси тўла амалга ошган бўлмаса-да, юқорида айтганимиздек, бир қисмини ўз тасарруфларига олишди. Етти йилдан бери давом этиб келаётган қонли можарода бугунгача 15 мингдан зиёд киши қурбон бўлди. Яна тахминан шунча одам майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Миллиондан ортиқ аҳоли ўз туғилган маконларини тарк этди.
Шу ўринда ҳақли савол пайдо бўлади: Кремль нима учун Украинага тажовуз қилди?
Фикримизча, бу хатти ҳаракатнинг асосий сабаби: Киевни ўзбошимчалиги учун жазолаш ва шу орқали бошқа қўшниларнинг ҳам кўзини қўрқитиб қўйиш эди. Бунинг яна бир томони шундаки, агар Украина Европага қўшилиб ривожланиб кетса, бу бошқа собиқ совет республикалари учун ҳам, Кремль наздида, нохуш ибрат бўларди. Энг ёмони: “демократия эпидемияси” Россиянинг ўзига ҳам юқиб, 1991 йилда бошланган империя инқирозини кучайтириши мумкин эди. Ана шунинг учун ҳозир Путиннинг бош мақсади: аввало, Украинани давлат сифатида мустақил ҳаракатини чеклаш, қувватини сўндириш ва иложи бўлса, Россияга тобе вассал ҳудудга айлантириб қўйишдир. Аслини олганда, бу режа унинг шахсий ғояси эмас. Збигнев Бжезинский ўзининг "Катта шахмат тахтаси" деб аталган китобида Россия империяси Украинасиз мавжуд бўла олмаслигини мантиқий жиҳатдан исботлаб берганди. Машҳур рус ёзувчиси, халқаро Нобель мукофоти лауреати Александр Солженицин ҳам ўлимидан бироз олдинроқ ёзган мақолаларида Украина, Белоруссия, Шимолий Қозоғистонни Россия ўз паноҳига олиши ва улар орасидаги бирликни кўз қорачиғидек асрашни васият қилиб кетганди. Худди ана шу ғоядан келиб чиқиб, Владимир Путин тарихий Россия империяси ҳудудларини қайтадан бирлаштириш режасини ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Бу борада у ўзини чинакам миллат халоскори сифатида ҳис қиляпти. Путин бунинг уддасидан чиқа биладими, йўқми буни, албатта, вақт кўрсатади. Аммо, унинг ихтиёридаги вақт таноби тобора тортилиб бормоқда.
Мамлакатдаги аҳвол эса юқорида ёзганимиздек, кундан-кунга мураккаблашмоқда. Қрим аннексиясидан кейинги кўтаринкилик аста-секин сўниб, кенг халқ оммаси раҳбарият олдига жавоб бериш анча-мунча қийин бўлган ҳақли саволларни қўймоқда. Шулардан бири, 20 миллиондан зиёд аҳоли қашшоқликда кун кечираётган бир шароитда Сурия, Ливия, Судан, Марказий Африка Республикаси, Куба, Венесуэла сингари хорижий давлатларга сахийлик билан моддий ёрдам берилаётгани ёки улкан газ захираларига эга бўла туриб, 80 фоиз аҳоли ҳали-ҳануз ўтин-кўмирдан фойдаланаётгани ҳақидаги саволлардир. Ҳақиқатан ҳам, беҳисоб рус гази Европа мамлакатларига қиммат нархларда сотилмоқда. Ундан оқиб келаётган жарақ-жарақ пулларнинг бир қисми олигархлар чўнтагига кираётган бўлса, иккинчи қисми яна турли йўллар билан хорижга чиқиб кетмоқда. Яна бир катта қисми эса қуролланиш пойгасига ва кучишлатар тизимлар таъминотига сарфланмоқда. Улардан ортиб қолган кичик бир улуши таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий соҳаларга берилмоқда. Бу эса халқ эҳтиёжини тўлиқ қондира олмаяпти. Қолаверса, Приднестровье, Жанубий Осетия, Абхазия, Донецк, Луганск, Қрим сингари янги забт этилган ҳудудлар ҳам Россиянинг моддий-молиявий кўмагига муҳтож. Уларга ҳар йили миллиард-миллиард рубль миқдоридаги катта маблағлар сарфланмоқда. Буларнинг бариси шундоқ ҳам муаммолар исканжасига тушиб қолган иқтисодиётни ҳолдан тойдирмоқда. Буни шундан ҳам билиб олиш мумкинки, кейинги йилларда умумжаҳон иқтисодиётида Россиянинг улуши 2 фоиздан ҳам пастлаб кетди. Қиёслаш учун АҚШ ва Европаники 50 фоиздан зиёд, Хитойники эса қарийб 20 фоиз эканлигини эсласак, Россияни буюк давлатлар қаторига қўшилиши ҳақидаги даъволари анчайин шубҳали туюлади. Бу борада россиялик айрим иқтисодиётчиларнинг долларни дунё бозоридан сиқиб чиқариш ҳақидаги чақириқлари жаҳон афкор оммасида фақат истеҳзоли табассум пайдо қилади, холос. Чунки дунё валюта бозорида АҚШ долларининг улуши 40,5 фоиз, Евроиттифоқ евроси 36,6 фоиз, Буюк Британия фунти 5,9 фоиз, Хитой юани 2,7 фоиз, Япония иенаси 2,6 фоиз, Польша злотийи 0,6 фоиз, Дания кронаси 0,3 фоиз, Россия рублининг улуши эса бор-йўғи 0,2 фоизни ташкил қилади. Энди 0,2 фоизнинг 42,5 фоиз билан рақобатлашиб, устун келиши мумкинми, деган саволга ўзингиз жавоб бериб қўя қолинг.
Ана шундай қалтис вазиятда Москванинг АҚШ маъмуриятига йўллаган хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги талабномаси Ғарб дунёсида катта ташвиш ва безовталик пайдо қилмоқда. Президент Байден бу борада ўз қарорини аниқ билдирганига қарамасдан, унга қатор масалаларда ён бериши, акс ҳолда Ғарбга нисбатан янги босимлар қилиниши айтилмоқда. Бир сўз билан айтганда, АҚШ маъмуриятига дунёни ХХ асрдагидек қайтадан тақсимлаб олиш таклиф қилинмоқда. Бунда аввалгидек, собиқ СССР республикалари ва унга тобе бўлган социалистик лагерь мамлакатлари Россия таъсири остида бўлиши, Ғарбий Европа эса Америка ихтиёрига берилиши кўзда тутилган. Тўғри, бир пайтлар шундай бўлган. Аммо ўша даврда СССР ҳар жиҳатдан АҚШ билан беллаша оладиган кучли давлат эди. Амио бу қудрат эндиликда йўқолиб, кундан кунга чўкиб, сусайиб бормоқда. Масаланинг яна бир томони -- ҳеч бир суверен давлат ўз ихтиёрини яна қайтадан кимнингдир қўлига топширишга асло рози бўлмайди. Шу маънода, бугунги кунларда Украина, Беларусь ва Молдова республикаларининг чегаралари чин маънода уруш ва тинчлик орасидаги рамзий сарҳадларга айланиб қолди. Шундай экан, Россия ва Ғарб давлатлари тинчлик йўлида ўзларининг милитаристик кайфиятларидан воз кечиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликка киришишлари лозим.
Тарихдан яхши маълумки, дунёни бўлиб олишга интилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Бу ишга қўл уринганларнинг қўллари бўш кетиб, дунёни эгаллаб тўймаган кўзлари аллақачон бир ҳовуч тупроқ билан тўлиб тўйиб ётибди..
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.