Омад ҳамиша келавермайди ёхуд сиёсат ва иқтисодиёт бўйича ўйламасдан босилган қадам Москва учун ҳалокатли бўлиши мумкин
2021 йилнинг охири ва янги 2022 йилнинг бошланиши арафасида дунё халқлари тақдири учун муҳим бир воқеа содир бўлди. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари бўлмиш беш давлат: АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция раҳбарлари атом қуролини биринчи бўлиб қўлламаслик ҳақида қўшма баёнот эълон қилишди. Уларнинг якдил фикрларига кўра, ядро урушида ғолиблар бўлмайди.
Бу хабар Украина атрофида рўй бераётган нохуш ҳолатлардан безовта бўлиб турган дунё ҳамжамиятини анча хотиржам қилди. Аммо кўп ўтмай, рус миллий озодлик ҳаракати лидери, Давлат думасининг депутати Евгений Фёдоров Россия телевидениесининг “Сейчас” кўрсатувида чиқиш қилиб, Украинага бераётган ёрдами учун АҚШнинг кўзини қўрқитиб қўйиш мақсадида ҳукуматни Невада штатидаги атом полигонларига ракета-ядро қуроли билан зарба беришга даъват қилди.
Хўш, бу депутат нимадан бунча норози бўляпти?
Маълумки, 12 январь куни АҚШ ва Россия томони орасида бўлиб ўтган музокараларда Америка Украина тўғрисида Кремль томонидан қўйилган шартлар: НАТО чегараларини шарққа силжитмаслик, Украинага ҳарбий ёрдам бермаслик, Шарқий Европадаги 1997 йил ҳолатига қайтиш ва бундан буён бирорта собиқ шўро республикасини НАТОга қабул қилмаслик ҳақидаги талабларни қабул қилмаслигини билдирди. Аксинча, бундан буён ҳам НАТО эшиклари ҳамма учун очиқлиги яна бир марта изҳор этиб тасдиқланди. Бу эса ўз навбатида россиялик катта-кичик сиёсатбозларнинг ҳиссиётларини жунбушга келтирди. Ушбу масалада улар бир муҳим омилни тамоман унутиб қўйишмоқда. Нима учун Шарқий Европа мамлакатлари худди она товуқнинг қаноти остига кирган жўжалардек НАТО паноҳига кириб олишди? Нима учун Украина ва Грузия жон-жаҳди билан Ғарбга қўшилишга интилмоқда? Бунинг сабаби айнан Россиянинг юқоридаги давлатларга нисбатан муқаддам қилган тажовузкорона ҳаракатлари оқибати эмасмикан?!
Қолаверса, кейинги даврда дунё миқёсида Россиянинг нуфузи нега йилдан йилга пастлаб бормоқда?
“Россия халқаро майдонда яккаланиб қолди. Иттифоқчилари деярли йўқ. Унга расмиятчилик юзасидан иттифоқчилик қилиб юрганлар ҳам ўзларини ҳар томонга ташламоқда. Ҳал қилувчи дамларда улар Россияга ёрдам бермайдилар.
Ҳарбий саноат комплексидан бошқа соҳаларнинг барчасида ривожланиш йўқ. Бу борада Россия Ғарбга қарам бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам у Ғарб кўмагисиз ривожлана олмайди. Ғарб билан зиддиятга киришиш Россия учун ўз-ўзини ҳалок қилиш демакдир.
Россия иқтисодий жиҳатдан заиф. Дунёда унинг иқтисодий улуши кичик ва бу йилдан йилга камайиб бормоқда.
Путин атрофидаги давлат хавфсизлик хизмати зобитларидан иборат тор доирадаги ходимлардан ташқари барча кишилар ғарбпараст одамлардир. Улар Россия Ғарбга таслим бўлса қувонадилар.
Аҳоли қашшоқ яшаяпти. Яшаш тарзи жиҳатидан Россиянинг кишини жалб қилувчи томони йўқ. Россия ўзининг тарихий ҳудудларида ўзига қарши давлатларнинг пайдо бўлишига йўл қўйиб берди, ҳатто қадимий пойтахтини ҳам ўзига қарама-қарши қилиб қўйди. Бу ҳолатни тузатишга эса юраги бетламаяпти.
Россиянинг ўз миллий ғояси мавжуд эмас. У маданий ва маърифий жиҳатдан Ғарбга қарамлигича қолмоқда.
Тараққийпарвар кишиларнинг барчаси Ғарб томонига ўтиб олган. Маълумоти ва даромади юқори, ёши паст кишиларнинг ҳаммаси Путинга қаршилик қилиб, Ғарб сари интилмоқда.
Фан, таълим, соғлиқни сақлаш сингари тараққиёт омиллари заиф ривожланган ва аста-секин чўкиб бормоқда. Бу борада Россия таназзулга маҳкум.
Россия Ғарб билан бир марта мусобақада бой берди. Ўшанда у ҳозиргидан анча кучлироқ эди. Эндиликда у кучсизланиб қолган. Ғарб эса анча-мунча кучайди. Россия Ғарб билан яна зиддиятга киришса, аниқ ютқазади. Шунинг учун Ғарб у билан зиддиятни чуқурлаштиришдан қўрқмаяпти.
Ҳа, Россияда ядро қуроли бор. Аммо бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки ҳеч ким (Россия билан) урушмоқчи эмас. Кураш: бўғиш, назорат қилиш, чеклаш, ўзгартириш сингари воситалар орқали бўлади. Ядро қуроли СССРга ёрдам бермаган эди. Энди Россияга ҳам ёрдам беролмайди”.
Ҳурматли ўқувчи, юқоридаги гапларни қўштирноқ ичига олганимизнинг боиси шуки, улар бизнинг сўзларимиз эмас. Бу иқтибосдаги фикрларнинг бариси Россия президенти Владимир Путиннинг ишончли вакили, Давлат думасининг депутати, парламентнинг “Тарихни давлатчиликка зарар келтирадиган тарзда сохталаштиришга қарши кураш қўмитаси” раиси, АҚШ Миллий демократия институтининг собиқ илмий ходими Сергей Марковнинг гапи. Бу гапларни у холислик юзасидан эмас, балки чуқур изтироб ва таассуф билан айтмоқда.
Ҳақиқатан ҳам аксарият кўпчилик катта умид боғлаган Владимир Путин бугунги кунда россиялик фуқароларни, айниқса оддий меҳнаткаш халқнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Чунки у президентлик фаолияти бошланишида халқ учун қайишиб, ғайрат билан ишга киришган ва кўплаб ижобий ўзгаришларни амалга оширганди. Уни қайсидир маънода омадли одам дейиш ҳам мумкин. Айтайлик, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ишсиз қолиб, киракашлик қилиб юрган оддий хизматчининг буюк бир давлат бошига келишини фақат омад билангина изоҳлаш мумкин, холос. Машҳур инглиз сиёсий арбоби Уинстон Черчилль доимо “Омад учун!” дея қадаҳ кўтарар экан. Бир куни ундан: “Сэр, нега соғлик ёки бойлик учун ҳам қадаҳсўз айтмайсиз?”- деб сўрашибди. Шунда Черчилль: “Титаник”даги йўловчиларнинг ҳаммаси соғлом ва бадавлат одамлар эди. Аммо уларга энг кераклиси – омад етишмади”, дея жавоб берган экан. Шу маънода, бошида Путиннинг ҳам омади чопди. Борис Ельцин даврида ерпарчин бўлиб ётган нефтнинг нархи Путин тахтга ўтиргач, бирдан кўтарилиб кетди. Жаҳон миқёсида бошланиб кетган иқтисодий ривожланиш натижасида нефть, газ, металл, ёғоч сингари қимматбаҳо хомашёларга талаб ғоят кучайиб кетди. Бундай пайтда табиий ресурсларга бой мамлакатларнинг куни туғади. Россиянинг ҳам бўшаб ётган хазинаси тўлиб, халқнинг моддий фаровонлиги кескин яхшилана борди. Буларнинг ҳаммаси Владимир Путиннинг обрўйини янада баланд кўтариб юборди.
Агар у 2012 йилда ҳокимият тепасига яна қайтмаганида, унинг номи балки Петр I, Екатерина, Ленин ёки Сталин каби буюк сиймоларга ўхшаб Россия тарих китобида катта ҳарфлар билан битилиб қоларди. Умуман, тарихий шахсларнинг лавозимига қайта келиши биринчисидагидек муваффақиятли бўлмаслиги тажрибада кўп бор синалган. Шу маънода, Путиннинг ҳам қайта президент қилиб сайланиши мамлакат учун кўп мушкулликларни пайдо қилди. Россия бир томондан халқаро майдонда яккаланиб қолди, аҳолининг турмуш даражаси 2014 йилдан буён муттасил пасайиб бормоқда. 2013 йилда бир АҚШ доллари 33 рубл баҳоланган бўлса, 2022 йилга келиб 77-80 рублга, яъни икки баравардан зиёдга кўтарилиб кетди. Ғарб дунёси билан муносабатлар ғоят кескинлашди. Аҳоли ўртасидаги моддий тафовут жарлиги чуқурлашиб, 1 фоиз бадавлат одамлар мамлакатдаги миллий бойликларнинг катта қисмини тасарруф қилиб турган бир пайтда, қолган кўпчилик аҳоли ЯИМнинг кичик бир бўлагига эгалик қилмоқда. 2013 йилда мамлакат даромади аҳоли жон бошига тақсимланганда, қарийб 20 минг долларга тенглашиб, дунёнинг ривожланган давлатлари даражасига яқинлашиб қолганди. Афсуски, бугунга келиб, бу кўрсаткич Европанинг энг қашшоқ мамлакатлари даражасига тушиб қолди.
Ҳозир Россияда статистика бўйича, 20 миллиондан ортиқ киши камбағалликда кун кечирмоқда экан. Бу борада, айниқса, пенсия ёшидаги кексаларнинг аҳволи ёмонлашиб қолди. Пенсия ёши эркакларда 65, аёллар учун 60 га кўтарилганидан сўнг президентнинг обрўси халқ орасида кескин тушиб кетди. 2014 йилда 86 фоиз россияликлар Путин сиёсатини қўллаган бўлса, 2022 йилга келиб бу миқдор 61 фоизга пасайди. Мамлакатда мухолифот кучайиб, президентга ва олигархларга нисбатан танқидий фикрлар кўпайди.
Пенсия ёшининг кўтарилишига биринчи сабаб сифатида мамлакатдаги демографик ҳолатнинг ёмонлашуви эканлиги очиқ айтилмоқда. Бу борада президент Путин муқаддам пенсия ёшини оширмасликка қатъий ваъда берган эди. Аммо халқ хўжалигида ишчи кучлари танқислиги ҳукуматни шундай йўл тутишга мажбур этди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, 2020-2022 йиллар орасида Россияда аҳоли қарийб 1 миллионга камайди. Халқнинг ёш кўрсаткичи йилдан йилга муттасил кексайиб бормоқда. Мамлакатдаги туғилиш миқдори ҳам асосан мусулмон аҳоли ҳисобидан бўлаётгани маъмурларни унчалик қувонтирмаяпти. Шулар сабабли ҳукумат ишчи кучига бўлган катта эҳтиёжни Ўрта Осиё республикалари ҳисобига қондиришга интилмоқда. Бу эса ўз навбатида ўзига лойиқ иш тополмай юрган маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ички сиёсатдаги бунақа муаммолар устига ташқи муносабатларнинг ҳам таранглашуви дард устига чипқон бўлмоқда. Ғарб мамлакатлари билан бўлган кейинги музокаралардаги муваффақиятсизликлар Кремлни янада асабийлаштирмоқда. Давлат думасидаги айрим калтафаҳм сиёсатбозлар юзага келган муаммоларни ҳарбий усул билан ҳал қилишга ундамоқдалар. Гап шунгача бормоқдаки, рус телевидениесидаги айрим кўрсатувларда Фёдоров сингари урушни тарғиб қилувчилар пайдо бўлаётир. Улар, ҳатто, атом қуролини ишга солиб ғалаба қозониш мумкин деган аҳмоқона ақидани илгари суришмоқда. Аммо сиёсат ва иқтисодиёт бўйича зукко экспертлар бу борадаги ўйламасдан босилган ҳар қандай қадам Москва учун ҳалокатли бўлишини айтиб огоҳлантиришмоқда. Айтайлик, ҳозир мамлакат иқтисодиёти ўзининг ўта мураккаб бир даврини бошдан кечирмоқда. Бундай қалтис вазиятда яна бир катта можаронинг бошини тутиш, бориб турган калтабинлик бўларди.
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.