Юз нафардан ортиқ фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди
Шу кунларда республикамизда қандли диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали жамоаси жойларда профилактик ишларни олиб боряпти. Навбатдаги скрининг тадбирлари Самарқанд шаҳрида 40 ёшдан ошган аҳолининг саломатлигини эрта назоратдан ўтказиш, касалликни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш мақсадида ўтказилди.
- Диабетган қарши кураш ойлигининг навбатдаги скрининг текширувларида юздан ортиқ фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, - дейди филиал бош шифокори Г.Негматова. – 4 нафар фуқарода 2-тур қандли диабет, 6 нафар фуқарода семизлик аниқланди. Ходимларимиз томонидан уларга соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, доимий лаборатор текширувлардан ўтиш ҳамда даволаниш учуш зарур тиббий тавсиялар берилди.
Қандли диабетга қарши кураш ойлиги доирасида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда ўз вақтида даволашга хизмат қилмоқда.