Самарқандда қандли диабетга қарши кураш ойлиги доирасида семинарлар бошланди
Ҳар йили ноябрь ойида бутун дунё бўйлаб қандли диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилади.
Бу ой давомида кишиларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, диабет касаллигини эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.
14 ноябрь — Бутунжаҳон диабет куни сифатида эътироф этилган бўлиб, бу сана машҳур олим Фредерик Бантинг — инсулинни кашф этган шифокорнинг туғилган кунига бағишланган.
Дунё бўйича қандли диабет билан касалланганлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар 10 нафар катта ёшли кишидан биттаси шу касалликка дуч келади. Шу боис ноябрь ойида, диабет ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш, соғлом овқатланиш ва ҳаракатли турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликни эрта аниқлаш тадбирларини ўтказиш асосий мақсад қилиб олинади.
Ввилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филлиали томонидан ишлаб чиқилган ойлик чора-тадбирлар режасига асосан 2025 йил 1 ноябрь куни вилоятимизнинг Булунғур, Иштихон, Ургут, Пайариқ, Самарқанд туманларида “Қонда қанд миқдори ва тана вазни назоратининг замонавий усуллари” мавзусида 2-тип қандли диабети бор беморлар ва бирламчи бўғинда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари учун семинарлар ташкил этилди. Бундай тадбирлар ноябрь ойининг охиригача давом этиши кўзда тутилган.