Самарқанд–Тошкент (М-39) йўлидаги тирбандликлар: ҳайдовчиларни қийнаётган уч нуқта
Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан берилган тўрт кунлик дам олиш кунларидан кейин пойтахтга қайтувчилар сони кўплиги боис Самарқанд шаҳридан Тошкентга боргунча жуда кўп жойда тирбандликлар кузатилди.
Шуҳрат Шокиржонов ушбу тирбандликларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ўз нуқтаи назари билан ўртоқлашди.
- Кеча Самарқанддан Тошкентга машинада қайтдим. Кўпчилик йўлда юрганлар биладики, М-39 йўли билан Самарқанддан Тошкентга келиш-қайтишда уч жойда йирик тирбандлик (пробка) ҳосил бўлмоқда.
Биринчиси — Самарқанд ва Жиззах вилоятлари чегарасидаги «Юқори нуқта» йўл-патрул масканида. Бунга сабаб — постда жуда ноқулай «ётиқ полициячи» сунъий дўнглиги ўрнатилгани. Ўз-ўзидан, бу дўнглик машиналарнинг постдан ниҳоятда имиллаб ўтиши ва ортидан узундан-узун тирбандлик ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Зудлик билан «сунъий дўнглик» олиб ташланиши керак ва бу ғоя кимдан чиққан бўлса, ишдан бўшатилиши лозим.
Қолган иккита тирбандлик Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудида.
Ўсмат ва Бахмалга кетадиган Т-симон чорраҳалар светофор билан таъминланган. Чунки Жиззах томондан келиб бу ҳудудларга бурилиш ёки, бу ҳудудлардан иккинчи даражали йўлдан чиқиб, Самарқанд томонга бурилиш учун М-39 йўли орасидаги тўсиқ очиб қўйилган. Шу сабабли 15-25 дақиқали тиқилинчлар юзага келган.
Светофор олиб ташланиб, йўл ораси билан ёпилиши керак. Чунки Ўсмат ва Бахмалга бурилувчи ва бу йўллардан чиқувчи машиналар ҳар светофор ўчиб ёнганда 2-3 тагина тўпланмоқда. Шу сабаб билан Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарёдан келаётган минглаб машиналар тўхтатиб қўйилмоқда.
Ўсмат ва Бахмалга кириб-чиқувчи яккам-дуккам машиналар сал наридаги разворот орқали бурилиб келса ҳам бўлади.
Бу икки нуқта ва ўртароқда коллеж олдида ер ости пиёдалар ўтиш жойи қурилиши лозим.