Шаҳардаги тирбандликка ечим борми?

Янги ўқув йили бошланиши билан кўчалар яна гавжумлашди. Ўтган ҳафта мактаб ва академик лицейлар ўқувчилари, олий ўқув юртларининг биринчи босқич талабалари ўқишни бошлаган эди. 8 сентябрдан олий ўқув юртларининг юқори босқич талабалари ҳам университет ва институтларга қайтди ҳамда шаҳарда автотранспорт воситаларининг ҳам, пиёдаларнинг ҳам қатнови анча ошди. Ва бу кўчаларда ўтган йилдагидан ҳам кўпроқ тирбандликни юзага келтирди. Чунки бир йилда машиналар сони ҳам, талабалар сафи ҳам ошди.
Бундай ҳолат бугун юртимиздаги ҳар бир йирик шаҳарга хос. Ҳатто каттароқ туман марказларида ҳам тирбандликларни кўряпмиз.
Кўпчилик авторанспорт воситаларининг кўпайишини халқимиз турмуш даражаси ўсиб бораётгани ва ҳар бир шахснинг ўз шахсий автомобилига эга бўлаётгани билан изоҳлайди. Тўғри, бу фикрни инкор қилиб бўлмайди. Яна бир тоифа кишилар эса йўлларнинг торлиги тирбандликларга сабаб бўлаётганини айтса, бошқалар жамоат транспорти қамрови камлиги боис одамлар кўпроқ шахсий автомашинасидан фойдаланишга мажбур, деган фикрда. Бу гапларга ҳам қўшиламиз, ҳар бир сабабга асослар бор.
Самарқанд миллионли шаҳар бўляпти
Келинг, энди Самарқанд шаҳри мисолида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.
Шаҳар аҳолиси 600 минг нафарга яқинлашиб қолди. Давлат ва хусусий мактаблар, академик лицейлар 100 дан ошди. Бир пайтлар 6-7 та олий ўқув юрти бўлган Самарқандда бугун уларнинг сони 19 та бўлди ва 100 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Яна шаҳарда қурилаётган уй-жойларни, янги тузилаётган оилалар ва туғилиш даражасини ҳисобга олсангиз, эҳ-ҳе, ақлингиз шошади.
Лекин шаҳар кўчалари, айримлари бироз кенгайганини ҳисобга олмасак, ўша-ўша. Реконструкция қилингани рост, лекин шаҳар ичида янги йўл, кўча очилмади-ку. Бир вақтлар ёпиб юборилган ер ости йўллари очилаётганидан қувонамиз, албатта. Бироқ талабалар гавжум бўладиган Университет хиёбонида ёки бошқа таълим муассасалари олдида ер ости ёки ер усти йўли ташкил этиш ҳақида ҳали ўйлаб кўрганимиз йўқ. Пиёдаларга қулайлик яратиш учун светофорлар ўрнатилмоқда, тезлик чекланмоқда, лекин бу чоралар тирбандликнинг олдини олишга хизмат қилмаяпти.
Бу ҳақда аввал ҳам кўп ёзганмиз, шаҳардаги марказий кўчалар, серқатнов йўллар атрофидаги шифохоналар, тўйхона ва ресторанлар, олий ўқув юртлари, савдо марказлари олдида автомашина тўхташи ёки тўхтаб туриши мумкин эмас. Энди марказий кўчалардаги йўлнинг бир қатори автобуслар учун ажратилгач, зарурат юзасидан шундай жойда тўхтасангиз бас, эртагаёқ жарима хабарномаси оласиз.
Озгина очиқ майдон бўлса, кўп қаватли уй ёки бошқа бино қуриляпти, аммо унинг атрофида автомобиллар тўхташ жойлари, болалар майдончалари ташкил этилмаяпти. Бунга жой ҳам йўқ, аслида.
Қайси ташкилот шаҳардан чиқди?
Самарқанд туризм шаҳри бўлиши кераклиги, бу ердаги олий ўқув юртлари, бошқарма ва идоралар, ҳатто шифохоналар шаҳардан ташқарига кўчиши ҳақида гап-сўзлар чиққанига ҳам анча бўлди. Аммо ҳозирча фақат гап бўлиб турибди. Бир-иккита тиббиёт муассасаси, шаҳардан ташқарида ташкил этилган битта институтни ҳисобга олмаганда, ҳали бу борада амалга оширилган йирик лойиҳага кўзимиз тушмади.
Кейинги пайтда олий ўқув юртларида қабул квоталари анча ошди. Талабалар сони ҳатто бир неча баробар кўпайди. Кечки таълим йўналишлари очилди. Бошқача айтганда, университет ва институтлар биноларидан маскимал даражада, куну тун фойдаланиляпти. Қўшимча ўқув бинолари ҳам олий таълим муассасаларининг ҳудудида мавжуд бўлган бўш жойларда қуриляпти ёки мавжуд бинолар қабул сиғими оширилмоқда. Албатта, талабалар сони кўпайгани, олий маълумот олишга интилиш кучайганидан хурсанд бўлиш керак.
Энди таълим сифати, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун муносиб шароит яратиш борасида ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак. Таълим жараёнлари тиқилинч ва транспорт воситалари шовқинига тўлиб тошган жойларда эмас, тинч-осуда масканларда олиб борилиши зарур.
Албатта, ўзи уйини ташлаб бошқа жойга бориб яшаш ҳеч бир одамга ёқмагани каби таълим муассасалари, идораларга ҳам ўрганган жойидан бошқа ҳудудга бориб ишлаш ёқмайди. Бунга ўрганиш қийин. Лекин шаҳарнинг яқин йиллардаги келажагида бундан бошқа йўл кўринмайди.
Шаҳарнинг бош режаси қачон тасдиқланади?
Шаҳардаги қурилишлар, йўл ва бошқа инфратузилма ҳақида гап кетса, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланса, барчаси тартибга олиниши ҳақида айтилади. Лекин неча йилларки, бош режа тасдиқланиши ортга сурилиб келмоқда.
Шунингдек, шаҳарни туманларга бўлиш ҳақидаги гаплар айтилганига ҳам анча бўлди. Агар бу иш тезроқ амалга ошса, Самарқанднинг Сартепа, Сўлим, Фарҳод, Кимёгарлар, Қорасув каби аҳоли массивларига ҳам эътибор бироз кучаярмиди. Чунки бугун шаҳар маъмурияти, масъул идоралар асосан делегaциялар ташрифлари, турли халқаро форум ва анжуманларга тайёргарлик кўришдан бўшамаётгандек назаримизда. Ваҳоланки, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳоли йил сайин кўпаймоқда, шунга мос тарзда уларнинг транспорт, коммунал хизмат, сифатли таълим, тиббиёт ва бошқа ҳаётий эҳтиёж, талаблари ҳам ошяпти.
Автобус кўпайса, тирбандлик камаядими?
Маълум маънода, бу муаммога ечим бўлиши мумкин. Лекин бугун шаҳарда яшаётган аҳоли ва кириб келаётганларни ҳисобга олганда, автобусни кўпайтириш билан масалага тўлиқ ечим топиш мушкул.
Кейинги пайтда шаҳар жамоат транспорти парки замонавий автобус ва электробуслар ҳисобига янгилангани ва кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта. Ҳар бир йўналишда қатнаётган транспорт воситалари бугун ўзини оқлаяпти, хизмат ҳам яхши, даромад ҳам бор. Лекин автобус ва электробуслар сонини кўпайтириш баробарида йўл инфратузилмаси ҳам шунга мос тарзда такомиллаштириб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Сайёҳлар тирбандликда тура оладими?
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида Самарқандга 1,9 миллион хорижий, 3,8 миллион маҳаллий сайёҳ келибди. Уларнинг шаҳарда қолиши 3-3,5 кунга етган. Туризм хизматлари экспорти 427 миллион долларни ташкил этмоқда. Туризмни ривожлантириш ва мазкур тармоқни наинки шаҳар, балки вилоятнинг асосий даромад манбаига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижаси бўлган бу рақамлар кишини қувонтиради. Яқин вақт ичида Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуаларидаги реконструкция ишлари якунлангач, сайёҳлар оқими яна ҳам ошиши кутилмоқда.
Биз, майли, бир-икки кун гапириб, бироз асабийлашиб, тирбандликка ҳам кўникармиз. Сайёҳлар-чи? Ҳар бир дақиқаси учун пул тўлаётган, юртимиздаги кўпроқ муқаддас масканларни зиёрат қилишни, улардан завқланишни ният қилиб Самарқандга келган меҳмонларнинг бунга сабри етадими? Улар яна Самарқандга келишни мақсад қилиб юртига қайтадими?
Хуллас, саволлар жуда кўп ва қани энди уларга сизу бизни қониқтирадиган жавоблар амалий ишларда бажарилса...
Ғолиб ҲАСАНОВ.