Эртага келинг...

Эшик тепасига катта қилиб яна зарҳал ҳарфлар билан "Фуқароларнинг дардига малҳам бўламиз", деб ёзиб қўйилган. Ичкарида эса малҳам улашувчи акамиз - Илҳом Тўрамович ўтирибдилар. Илҳомжон ака шундай одамки, агар жаннатга йўлланма бериладиган бўлса, у ердан ҳам албатта "маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсиянома" ва "охиратдан қарзи йўқлиги ҳақидаги квитанция” сўрайди.

Эшикдан мўралаган киши борки, Илҳомжон аканинг биринчи саволи:
- Хўш, қоғоз жойидами? - бўлади.
- Илҳомжон ака, - деди бир бечора, - уйни таъмирлаш учун рухсатнома керак эди. Барча ҳужжатларни йиғдим, ариза, паспорт нусхаси, уй чизмаси, ҳатто қўшнимнинг "шовқин қилса ҳам майли", деган розилик хати ҳам бор.
Илҳомжон ака кўзойнагини бурнининг учига қўндириб, худди Миср папирусларини ўргангандек синчиклаб кўздан кечиради. Кейин бирдан юзи ёришиб кетади. Хурсанд бўлманг, бу "иш битди" дегани эмас, у "хато" топди дегани.

И-е, ука, - дейди у заҳархандалик билан, - ахир сиз уйнинг шарқий томонидаги анжирнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини илова қилмабсиз-ку?! Шу дарахтнинг сояси қўшнининг ҳовлисига неччи даража бурчак остида тушиши ҳақида "Соя ва нур" қўмитасидан маълумотнома қани?
- Акажон, у дарахт ўтган йили қуриб қолган.
- Қуриган бўлса, қуриганлик ҳақида далолатнома олиб келинг. Хуллас, эртага келинг. Бугун компьютеримиз "чарчаб” қолди, базага кирмаябди.
Мана шунақа, Илҳомжон акалар учун инсоннинг дарди қизиқ эмас. Улар учун ҳаёт - бу тўртбурчак муҳр ва "тасдиқлайман”, деган имзо орасидаги масофа.
Қизиғи, Илҳомжон акадан нега бунча оворагарчилик, деб сўрасангиз, шундай жавоб беради:
- Биз қонун устуворлигини таъминлаймиз. Қоғоз бўлмаса, сизнинг борлигингизни қаердан биламиз? Қоғоз - бу одам дегани.
Демак, Илҳомжон аканинг мантиғи бўйича, агар қўлингизда тириклик ҳақида “справка” бўлмаса, сиз аслида йўқсиз. Нафас олаётганингиз шунчаки тушунмовчилик, холос.

Райҳона ҚАРШИБОЕВА,
Термиз давлат университети талабаси.