Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қандсиз диабетнинг келиб чиқиш сабаблари нимада, касаллик болаларда қандай намоён бўлади?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг қандсиз диабет ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасини бажарувчи Феруза Ҳайдарова жавоб берди.

- Касалликнинг келиб чиқишига буйракларнинг антидиуретик гормонга нисбатан сезгирлигининг пасайиши ёки умуман сезмаслиги ҳам сабаб бўлади, - деди Ф.Ҳайдарова. - Бу қандсиз диабетнинг нефротик, яъни буйрак иши бузилиши билан боғлиқ тури сифатида фарқланади. Бунда ҳам касалликнинг одатий белгилари кузатилади. Шунингдек, қон қуюклашади ва қоннинг томирлар бўйлаб ҳаракати секинлашади.

Қон организмда муҳим озиқ моддалар ва кислород ташувчи асосий “транспорт” вазифасини ўтайди. Қоннинг томирлар бўйлаб ҳаракати сусайиши натижасида тез орада беморнинг ҳаётий муҳим аъзолари (мия, юрак, жигар, буйрак, таянч ҳаракат тизими) фаолияти издан чиқади.

- Қандсиз диабет болаларда қандай кечади?

- Бу касаллик болаларда ўсишдан орқада қолиш, жинсий ва жисмоний ривожланишнинг кечикишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг туғма ва ирсий тури ҳам мавжуд. Касалланиб туғилган чақалоқда ҳаётининг дастлабки кунлариданоқ антидиуретик гормон синтезланмай қолади, гўдак кўп эмишига қарамасдан она сутига тўймаётгани сезилади. 

Кейинчалик боланинг касаллик таъсирида вазни ҳеч ортмайди, яъни семирмайди, териси доим қуруқ бўлади. 

Қандсиз диабет билан оғриган беморларда чанқоқни зудлик билан қондиришнинг иложи топилмаса, тез орада марказий нерв тизими иши бузилиши белгилари юзага чиқади: ўта таъсирчанлик, қўзғалувчанлик, руҳий тормозланиш, қизиб кетиш ва комага тушиш ҳолатлари рўй беради.

Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлиши биланоқ дарҳол эндокринолог шифокорга мурожаат этиш керак.

Оилавий поликлиникада керакли таҳлиллар ҳамда бош мия текширувлари (компьютер томографияси) ўтказилади. Тегишли мутахассислар кўригидан сўнг бошқа касалликлар инкор этилганда, касалликнинг асл сабаби аниқланади ва тўғри ташхис белгиланади. Беморда қандсиз диабет аниқланса, зарур муолажалар буюрилади.