Эзгу мақсадлар муштарак бўлган ташриф
Самарқанд ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари ва қадимий илм-маърифат маркази сифатида ўзининг минг йилларга тенг тарихи билан танилган. У Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган кўплаб меъморий обидалари билан дунёга машҳур ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига қилган навбатдаги ташрифи аввалгиларидан-да бошқача бўлди.
Дастлаб, Юртбошимиз Самарқанд шаҳридаги Ёшлар креатив шаҳарчаси ва жамоат боғи билан танишаркан, бу манзил келгусида ёш авлодни Янги Ўзбекистонда янгича фикрлашга ва дунёқарашга ундовчи, маънавий интелектуал салоҳиятини оширувчи макон бўлишини таъкидлади.
Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган поездга “Жалолиддин Мангуберди” номини бериш, буюк боболаримиз номини абадийлаштиришга қўшаётган улкан ишларнинг навбатдагиси бўлди, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, мазкур поездда вилоятдаги зиёлилар билан Нарпай туманигача суҳбат қуриб боргани кенг жамоатчиликда илиқ муносабатлар уйғонгани табиий.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда айтилган аниқ мақсадли ташаббуслар, режалар, вазифалар вилоятимиз ривожи ва аҳоли фаровонлиги учун катта имконият бўлди.
Юртбошимиз шу ҳафтанинг ўзида Олмалиқ шаҳрида 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани, пойтахтимизда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавий хазинаси бўлган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Пайариқ туманидаги буюк ҳадисшунос аждодимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилганини алоҳида эътироф этди.
Президентимиз “Аминманки, бу муаззам зиёратгоҳ халқимиз билан бир қаторда миллионлаб хорижий туристлар ташриф буюрадиган табаррук масканга айланади”, дея таъкидлаб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунига етган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг Ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди.
Юртбошимиз зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилганлигининг гувоҳи бўлди.
Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиш жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Бугун ана шу ишларнинг амалий натижасига биз ҳам гувоҳ бўлдик.
Айниқса, янги қурилган муҳташам масжидда Ҳайит намози адо этилгани бу мўмин-мусулмонларимиз, бутун эл-юртимизнинг кўнглидаги иш, халқимизга муносиб Рамазон совғаси бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.
Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда Имом Мотуридий мажмуаси қайта қурилиб, 250 ўринли масжид, кириш пештоқи, илмий марказ, кутубхона, музей ва автотураргоҳ бунёд этилмоқда. Албатта, бу ишлар якунига етса бой маънавий меросимиз бўлган манзилга ҳам кўплаб зиёратчилар ва хорижлик сайёҳлар қадами узилмайди.
Шунингдек, қурилиш ишлари жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой ҳам аниқланиб, бу ерда мақбара қурилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида илмий-маънавий меросимизнинг нечоғлик бой эканидан далолат.
Юртбошимизнинг ташрифдаги ташаббуслари, таклифлари, белгилаб берган асосий вазифалари вилоятимизнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, шунингдек, маънавий ва маърифий соҳадаги янги бир йўлни бошлаб бериш билан аҳамиятли бўлди. Айтилган ҳар бир сўз ва чақириқлари биз учун катта масъулият юклаш баробарида, янгича қарашга, ишларимизни янада жонлантиришга ундайди.
Холбек Кубаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.