Ўзбекистон ташаббуси: Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорлик йўли

Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли дастурий мақоласи чоп этилди.

Президентимизнинг ушбу мақоласида сўнгги йилларда минтақани тубдан ўзгартирган жараёнлар ва уни янги босқичга – ишонч, очиқлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик даврига олиб келган омиллар атрофлича ёритилган.

Мақолада Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг тўлиқ субъекти сифатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётгани алоҳида таъкидланган. Хусусан, “Марказий Осиё плюс” форматлари жаҳон ҳамкорлари минтақани ягона барқарорлик, мулоқот ва масъулият макони сифатида қабул қилаётганини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари минтақамиз олдида турган энг муҳим масалаларни ҳам санаб ўтган. Мавжуд механизмларга барқарор тус бериш, хавфсизликни биргаликда таъминлаш, минтақавий савдо, экология, гуманитар алоқалар ва ташқи сиёсатда келишилган ҳаракат қилиш борасидаги умумий вазифаларни қуйидагича белгилаган:

 - минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттириш;

- хавфсизлик соҳасида умумий салоҳиятни шакллантириш;

- иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш, чегара тартибларини соддалаштириш, инвестициялар учун қулай муҳит яратиш, экологик масъулият ва сув ресурсларини адолатли бошқариш;

- гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш — инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш;

- ташқи сиёсатда келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу мақоласи чуқур стратегик мазмунга эга бўлиб, унда Ўзбекистон ташаббуси билан шаклланаётган янги минтақавий сиёсатнинг мақсад ва истиқболлари аниқ белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Президентимиз мақолада Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Далатимих раҳбари таъкидлаганидек:

“Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал этмасдан туриб, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаб бўлмайди. Бу мамлакат умумий минтақамизнинг бир чеккаси эмас, балки унинг табиий бир қисмидир. Бутун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан Афғонистоннинг тикланиши ва ривожланишига боғлиқ.”

Умуман, мақола минтақамизда кечаётган жараёнларнинг асл мазмун-моҳиятини очиб беради, бу онгли ва ортга қайтмас танлов эканини аниқ мисоллар орқали тушунтиради. У нафақат Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ва садоқатини тасдиқлайди, балки қардош ҳамкорларимизни минтақанинг умумий келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга чорлайди.

 Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи — Марказий Осиёда сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган “Келажак йўл харитаси”, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бадриддин Насриев,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.