Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи депутатларга ҳисоб беришга тайёр

Кеча, 27 март куни телеграм канал ва сайтимизда “Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи депутатларга ҳисоб бергиси келмади” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақола юзасидан вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизмати жавоб хати йўллади.
"26 март куни ўтказилган O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг “Хизмат соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янгидан ташкил этиладиган савдо комплекслари ва меҳмонхоналар учун мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар” юзасидан ҳисоботи эшитилиши режалаштирилган эди.
Шу йилнинг 3-5 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи расмий саммити ҳамда “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирдамлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи юқоридаги тадбирларга тайёргарлик жараёнини ўрганиш учун вилоятимизда бўлиб турган Республика ишчи гуруҳига ҳамроҳлик қилаётганлиги сабабли O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида иштирок эта олмаган. Шу сабабли мазкур йўналишга масъул бўлим бошлиғи ҳамда мутахассис йиғилишда ҳисобот беришга тайёр ҳолда қатнашган.
Вилоят солиқ бошқармаси раҳбари ҳисоботга тайёр, жамоатчиликка ахборот беришда шаффофлик ва очиқликни қўллаб-қувватлайди.
O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида батафсил ҳисобот беришини маълум қиламиз", дейилади хабарда.