Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи депутатларга ҳисоб бергиси келмади

Партия вакиллари ҳам ортга чекинмоқчи эмас. Ҳолат халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси йиғилишида қайд қилинган.

Қайд этилишича, O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев ва соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниевнинг ҳисоботи тингланган.

Равшан Тожиевнинг билдиришича, вилоятда 348 йўналишда 2772 та транспорт воситаси белгиланган йўналишларда, 18 минг 232 фуқаро ўзини-ўзи банд қилган ҳолда 18 минг 615 та транспорт воситаси билан йўналишсиз такси хизмати кўрсатмоқда.

Ўтган 2024 йилда ташувчи-тадбиркорлар томонидан Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 228 та автобус ҳамда 22 дона замонавий микроавтобус шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларига жойлаштирилган. Йил якунигача яна 50 га яқин электр автобуслар олиб келинади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев вилоят аҳолисига 342 та тиббий муассаса томонидан хизмат кўрсатилаётганини қайд этган.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи муассасалар шифокорлари томонидан амбулатор шароитда даволанишга муҳтож энг кўп учрайдиган 7 гуруҳдаги сурункали касалликларга 27 турдаги дори-дармон воситалари электрон рецепт асосида бепул берилиши ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланадиган бўляпти.

Бошқарма бошлиғи аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган бошқа масалаларни ҳам қайд қилган.

Мисол учун, 2310 нафар беморга ҳудудий тиббиёт бирлашмалари томонидан вилоят ва республика марказларида бепул юқори технологик даволанишлари учун электрон йўлланмалар берилган.

Йиғилишда депутатлар ҳар икки соҳа раҳбарига сайловчилар манфаатларидан келиб чиқадиган саволларга жаволб олиб, улар бошчилик қилаётган тизимда давлат хизматини кўрсатиш сифатини ошириш борасида тавсиялар берган.

Кун тартибида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Элёр Толлиевнинг ҳисоботини эшитиш ҳам белгиланган бўлиб, бошқарма бошлиғи мутахассисни юборганлиги сабаб ҳисобот тингланмаган ва кейинги эшитувга қолдирилган.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан эса депутатлик гуруҳининг тегишли қарорлари қабул қилинган.