Президент Мурожаатномаси — Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётида янги, масъулиятли ва ҳал қилувчи босқични бошлаб берди.

Ушбу Мурожаатнома Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда келгусидаги устувор вазифаларни аниқ белгилаб берди.

Мурожаатномада жамият ҳаётида маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, иқтисодиётни инновацион асосда ривожлантириш, таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни кўпайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари сифатида белгилаб берилди.

Мурожаатномада қонун чиқарувчи ҳокимият ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини янада ошириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Давлат раҳбари депутатлар фаолияти халқ билан яқин мулоқотга, жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топишга қаратилган бўлиши зарурлигини таъкидлади. Бу эса депутатларнинг фақат қонун ижодкорлиги билан чекланиб қолмасдан, аҳоли манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида фаол иш олиб боришини тақозо этади.

Хусусан, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши депутатлар зиммасига янада катта масъулият юкламоқда. Чунки маҳаллада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий дастурлар ва давлат лойиҳаларининг самарадорлиги кўп жиҳатдан маҳаллий Кенгаш депутатларининг ташаббускорлиги, назорати ва фаол позициясига боғлиқ.

Мурожаатномада илгари сурилган тарихий ташаббус — Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдошни учириш режасининг эълон қилиниши мамлакатимиз илм-фани ва технологиялари янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Бу каби стратегик мақсадларни амалга оширишда ҳам парламент ва депутатлик корпусининг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш борасидаги роли беқиёсдир.

Шунингдек, келгуси йилга мўлжалланган Давлат дастурининг 6 босқичда изчил ва батафсил тушунтириб берилгани ислоҳотларнинг аниқ мақсад ва вазифалар асосида амалга оширилишини кўрсатади. Бу жараёнда депутатлар ижро интизомини таъминлаш, қабул қилинаётган қарорлар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда фаол иштирок этиши лозим.

Умуман олганда, Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида муҳим дастуриламал бўлиб, у давлат органлари, депутатлар ва фуқаролик жамияти институтлари олдига аниқ вазифалар қўяди. Мазкур вазифаларнинг самарали ижроси эса халқ ва депутат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.

Илҳом Ботиров,

ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.