ОИВ инфекциясини барвақт аниқлаш касалликка қарши самарали чора саналади

Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари томонидан аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш, унинг хавф омиллари ҳақида хабардорликни ошириш борасида тизимли ва мақсадли ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Аҳолининг турли қатламларини қамраб олишга қаратилган бундай тарғибот тадбирларининг навбатдагиси Паст Дарғом туманидаги кунлик ишчилар марказида ишсиз фуқаролар иштирокида ташкил этилди.

Тадбир давомида марказ мутахассислари томонидан ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари, унинг олдини олиш чора-тадбирлари, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мутахассислар томонидан иштирокчиларга ОИВ инфекциясига нисбатан беэътибор бўлмаслик, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш ва саломатликка масъулият билан ёндашиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Савол-жавоблар орқали фуқароларни қизиқтирган масалаларга аниқ ва тушунарли жавоблар берилди.

Шунингдек, тадбир доирасида фуқаролар ихтиёрий равишда ОИВ инфекциясини аниқлаш мақсадида замонавий экспресс-тест усули орқали бепул тиббий текширувдан ўтказилди. Бу эса касалликни барвақт аниқлаш ва зарур ҳолларда ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Тадбир давомида иштирокчиларга мавзуга оид кўргазмали тарғибот материаллари, буклет ва флаерлар тарқатилиб, улар орқали ОИВ инфекциясидан ҳимояланиш йўллари ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.

Дилдора Аҳмедова,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врач-эпидемиологи.