Маҳаллаларни ривожлантириш учун 7 триллион сўм ажратилади: Президент янги дастурни бошлади

Бу каби хайрли ташаббуслар Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилди.
Мазкур йиғилишда Президентимиз “Еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқиб, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқаргани ҳамда 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келганини таъкидладилар.
Президентимиз томонидан ўтган ҳафта имзолаган қарорга мувофиқ, янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди. Бу туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан, 330 та маҳалланинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёти банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга қаратилади.
Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм ажратилиб, умуман бу дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириладиган бўлди.
Вилоят ҳокимларининг ўзи ҳам 2 тадан, туман ҳокимлари эса 1 тадан оғир маҳаллани белгилаб, уларга 5 миллиард сўмдан йўналтирилиши, яна 236 та маҳалла аҳолиси турмушида кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бир ой олдин “Ташаббусли бюджет” бўйича янги қарор қабул қилиниб, маҳаллада одамларни ўзи фаол бўлиб бошлаган лойиҳаларга кўмак берадиган тизим жорий қилинди. Бунда қайси маҳаллада аҳоли йўл, сув, мактаб, боғчани таъмирлашни бошлаган бўлса, харажатнинг ярми давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди. Бу мақсадлар учун келгуси йилда яна мингта лойиҳага 500 миллиард сўм ажратилади.
Президентимиз бу борада яна бир янгиликни эълон қилди. Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўлаганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилди.
Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “Ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларни ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.
Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилади.
Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади.
Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади.
Бу маблағларни тўғри сарфланиши албатта, Янги Ўзбекистонимизнинг ёрқин қиёфаси, фуқаролар ҳаётининг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Президентимиз мазкур видеоселектор йиғилишида яна бир қанча муаммоларни ҳам санаб ўтдики, буларни ҳал қилиш ҳам бевосита ҳар биримизнинг доимий диққат-эътиборимизда бўлиши лозимдир.
- Ислоҳотларимизнинг остонаси бўлган ҳар битта маҳаллага Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш ”Маҳалла еттилиги”нинг ягона жамоа бўлиб ишлашига боғлиқ, - деди Президентимиз.
Дарҳақиқат, йиғилишда кўтарилган фикрлар, белгиланган вазифалар, яратилаётган имкониятлар кўлами шунчалар кенг ва долзарбки, бу ислоҳотлар ҳар қандай кишини руҳлантиради. Шундай экан, ҳар биримиз ушбу ташаббусларнинг амалга ошишида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишни шу бугундан бошлашимиз лозим бўлади.
Бадриддин Насриев,
ЎзХДП вилояти кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.