Аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишда муаммо йўқми?
Вилоятда 2017 йилда оптимизация бўлган 17 та ОП ва ОШПлар аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб қайта ташкил этилган.
Бу борада ҳудудий ҳокимларнинг қарори чиқарилган, бироқ молия органлари томонидан оила шифокори, ҳамшира ва фаррош каби 197,5 та штат ажратилмаган. Мазкур масала вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2022 йилдаги қарорига асосан олис ва чекка ҳудудларда контейнерлардан фойдаланиб, 255 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилган. Ушбу тиббиёт пунктлари маҳаллий ҳокимликлар томонидан узлуксиз электр энергия, тоза ичимлик сув ва канализация билан таъминланиши лозим эди.
Бироқ ўрганишларда тиббиёт пунктларининг 81 тасининг инфратузилмасида турли камчиликлар аниқланган.
Мисол учун, Тойлоқ ва Каттақўрғон туманларида 16 тадан, Пайариқда 15 та, Оқдарёда 11 та, Булунғур ва Қўшработда 5 тадан, Нурободда 4 та, Ургутда 3 та, Пахтачида 2 та, Нарпай ва Иштихон туманларида биттадан маҳалла тиббиёт пунктларида муаммолар мавжуд.
Шу билан бирга маҳаллий ҳокимликлар томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли патронаж хизматини амалга ошириш учун тиббий асбоб-ускуналарини доимий равишда янгилаб бориш белгиланган.
Ушбу йўналишда ўтказилган ўрганишларда ҳам бир қатор камчиликлар мавжудлиги кузатилган. Мисол учун, бугунги кунда вилоят бўйича ҳамширалар 67,7 фоиз (2503 та) патронаж сумкалар таъминланган.
Энг паст кўрсаткичлар Каттақўрғон туманида (24 фоиз), Ургут ва Жомбой (46 фоиз)дан, Булунғурда (55,9 фоиз)ни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари ҳозирги вақтда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги мавжуд 6870 та тиббий асбоб-ускуналарнинг 740 (10,7 фоиз) таси умуман яроқсиз.
Жумладан, Жомбойда 330 тадан 110 (33 фоиз)таси, Нурободда 366 тадан 108 (29 фоиз) таси, Ургутда 416 тадан 105 (25 фоиз)таси, Нарпайда 681 та дан 102 (15 фоиз)таси яроқсиз ёки таъмирталаб аҳволда. Ачинарлиси, ушбу жиҳозларни таъмирлаш бўйича маблағ масаласи ҳал этилмаган.