Мутолаа: Ота бўлиш осонмас…

 

Ҳажвия

Ишдан ҳориб, чарчаб келмаганманми, хотинимнинг ярим кечаси инқиллаб қолгани оромимга сув сепди. Ой-куни яқин бўлганидан хавотирим ошди.

- Доктор чақирайинми? - дедим ётган жойимдан туришни истамай. «Қўяверинг, ўтиб кетади» деса-ю, терс ўгирилиб ухлаворсам. Аксига олибкутганим бўлмади.

- Ҳа, энди чақирмасангиз бўлмайди-ёв, дард жуда ёмон келяпти.

Ўрнимдан туриб, юзимни ювиш учун ювиниш хонасига кирдим. Елимсатилдан сув олмоқчи бўлсам, крандан жилдир-жилдир сув оқиб турибди. Ё, қудратингдан! Бир суткада икки марта икки соатдан келиб турадиган сув ярим тунда ҳам келиб турса-а!

Юзимни ювиб чиққач, «Тез тиббий ёрдам»га қўнғироқ қилдим. Навбатчиҳамшира бўлса керак саволга тутди:

- Нима бўлган?

- Ҳомиладор.

- Куни қачон эди?

- Бугун, шекилли.

- Манзилингиз?

- Истовчилар кўчаси, 4-уй, 33-хонадон.

- Беш дақиқада етиб боради.

Муомаласидан «Овозингга шакар» деб қўйдим-у ичимда, яна ўйлаб қолдим. «Ўзи тўққизинчи қаватга чиққунича беш минут ўтиб кетади-ку. Қандай қилиб беш дақиқада келади.

Йўқ, адашибман. Худди кўчада кутиб ўтиргандек, хабар берганимдан беш дақиқа ўтиб, эшик қўнғироғи босилди. Икки нафар оппоқ халатда доктор аёлкириб келди. Хотиним билан озроқ суҳбат қилди-да, менга юзланди:

- Келинни олиб кетамиз. Зудлик билан.

- Аҳволи яхшими ўзи?

- Хавотир олманг.

- Зиналардан тушишга қийналади-да. Шу лифтимиз ҳам қасд қилгандек кеча бузилиб қолганди.

- Ие, биз лифтда чиқдик-ку, - деди доя аёл.

- Созлаб кетишди, - деди хотиним жилмайиб. Инсоф кирибди уларга ҳам.

Йўлга чиқдик. Э-э, айтсам ишонмайсиз. “Тез ёрдам” машинасимас, худдисамолётдай бир текис кетиб боряпти-да. Ўйлаб қўяман: “Бу “Тез ёрдам” машинасини “Дамас”дан эмас, лунаходдан тайёрлаганми-ей!..” Ҳайдовчи ҳам худди фикримни уққандай дейди:

- Аввалари бу машинани ҳайдагандан кўра трактор ҳайдасам яхшийди, дердим. Энди унақамас. Йўлларнинг текислигини қаранг. Капот устига пиёлада сув қўйиб ҳайдасангиз, бир томчиси ҳам тўкилмайди.

- Бунақа эмасди-ку, - дедим йўлга қаттиқроқ тикилиб. Кейин ўзимни чимчиб қўйдим: “Тушимми, ўнгимми?” Ростдан йўлларга янги асфальт ётқизилган. Атрофда қиёслайдиган нарса бўлмаса кетаётганингизни сезмайсиз ҳам.

- Бунақа эмас эди, лекин энди шунақа, - деди ҳайдовчи ака. – Келинлар энди туғруқхонага етиб боришади қийналмай. Олдин туғилган ҳар тўртта ўғилдан учтаси Йўлчибой бўларди...

Хуллас, жуфти ҳалолимизни олиб туғруқхонага бордик. Эс-у фикрим хотинимда. Ишқилиб операция бўлмасин-да. Агар шундай бўлса нима бўлади? Икки-уч баравар харажат бўлади. Яна ўзимни ўзим сўкиб қўяман: «Яхши ният қил! Пулни ўйлама ҳозир»... Кўз юмиб-очгунча хотинимни туғруқ залига олиб кириб кетишди.

- Сиз ҳам киринг,- деди ўша ердаги аёллардан биттаси. - Далда бўласиз.

Аста ортидан эргашдим. Лекин туғруқ залида ҳаммаси аёллар эканлигини кўриб, хижолат тортдим. Ё, қудратингдан! Эркак акушер-гинекологларга инсофкириб, ишдан кетишган шекилли. Ортимга қайтиб, ташқарига чиқиб кетдим.

Ўн дақиқалардан сўнг навбатчи доя олдимга келди.

- Табриклайман, ота бўлдингиз.

Беихтиёр қўлимни чўнтагимга олиб бордим. Аёл қўлимдан ушлади:

- Сиз янги қарорларимизни ҳали билмайсиз, шекилли. Ундан кўра, ҳужжатларини биринчи қаватдаги «Келажак» деган бўлимга олиб боринг. Янги меҳмоннинг номига ҳисоб рақам очиб, беш миллион сўм пул туширибберишади...

- Қанақасига?!

- Бош врачимиз туғруқхонага инвестиция киритганлар. Ҳар бир ўғил чақалоқучун беш миллион, қиз чақалоқ учун ўн миллион сўм беради. Буни чақалоқнинг соғлом ўсиши учун сарфлашингиз лозим.

- Унда бу ернинг харажатлари...

- Э, бу нима деганингиз? Ҳаммаси бепул. Бош врач бизни ҳам қуруққўймайди. Ҳар бир чақалоқ учун қўл ҳақи беради.

«Қойил!» деб юборганимни билмай қолдим. Рост! Ҳали бунақасини кўрмагандим. Оёғимни қўлимга олиб биринчи қаватдаги «Келажак»ка чопдим. «Авваллари у хоналар «Кетажак» бўлган бўлса керак, -  деб қўяман ўзимга ўзимйўл-йўлакай».

Ишларни тиндириб, «Келажак» хонасидан чиқаётсам, хотинимчақираётганини айтишди. Қаранг, пулнинг кучини! Хотинимдан хабар олмай, тўғри бу ёққа жўнаворган эканман. Олдига борсам, ҳали ҳам ўша инқиллашда ётибди. «Нима бўлдидесам, «Дард келяпти, доктор чақиринг» дейди. «Ие, яна туғасанми? Зўр-ку! Яна беш миллион беришади. Бой бўлиб кетарканмиз...»

Хотиним негадир қовоғини уйиб, юзимга шапалоқ тортиб юборди. Кўзим бирюмилиб очилди шекилли ўша пайт, қарасам уйда ётибман. Оғзим қулоғимга ўтиб кетгандек тиржаяман. Хотиним эса тепамда юзи оғриқдан бўғриқиб, менгақараб ўтирибди.

- Қанақа эрсиз-а?! Шунча гапираман, додлайман, қарамайсиз. Яна кўзингизни очмай ишшаясиз. Ҳозир туғиб қўямаан...

Сакраб туриб ювиниш хонасига чопдим. Кранни бурасам, сув йўқ. Юзимниелим сатилдаги сувдан олиб нари-бери ювдим-да, «Тез тиббий ёрдам»га қўнғироқ қилишга тушдим.

- Нима муаммо?

- Хотиним безовта бўлаяпти, ҳомиладор...

- Куни қачон эди?

- Бугун, шекилли.

- Манзилингиз?

- Истовчилар кўчаси, 4- уй, 33-хонадон.

- Ярим  соатда етиб боришади.

- Ярим соат?!

- ...

- Ҳаммаси яхши бўлади, - дейман хотинимни юпатиб кўрган тушларим худдиўнгидан келиб қоладигандек. Лекин хотиним билан параллел азоб тортишимни ўйлаб, ичимда «Уйғотмасанг, яхшийди» деб қўяман. Начора, ота бўлиш осонмас!

Аслиддин Мустафоев.