Бугун шоир Нодир Жонузоқ туғилган кун

Нодир Жонузоқ (Нодир Холбўтаев) 1976 йилда Булунғур туманининг Сартюзи қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“Туркистон”, “Республика”, газеталарида, “Ёшлик” журналида, “Ўзбекистон”, “Маданият ва маърифат” телеканалларида фаолият юритган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул лавозимларда меҳнат қилган. Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланган. 2023 йилдан буён Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимига ишлаб келмоқда.
“Шуҳрат” медали ҳамда “Дўстлик” ордени соҳиби.

Баҳорга савол
Баҳор, дарахтларни гулга тўлдириб,
Қўққис қор, дўл билан урганинг надир?!
Чечаклар умидин янчиб, сўлдириб,
Қиш тўнини кийиб турганинг надир?!

Наврўзий нозланиб, безанган шохлар
Қаҳратон қаҳрини унутган эди.
Майин рафторингга ишонган боғлар
Қалбидан саралаб гул тутган эди.

Очганди суқназар кўздан яширин
Муҳаббат, сир тўла тугунчасини –
Арзанда гўдакдай эрка ва ширин,
Беғубор, ранго-ранг гулғунчасини.

О, қандай мунаввар эди-ку таъбинг,
Фалак соф тутганди қирғин, қасдлардан!
Ё ибрат олдингми боғча, мактабни
Ўт билан чирмаган ёвуз каслардан?!

Иблислар – безрайган юзида кулги,
Оғушин очади фаришта тахлит...
Наҳот, сен улардан олдингми улги,
Разил, шум кучларга қилдингми тақлид?!

Ё риё кафтидан таралган совуқ
Адоват ёғдирган муз олқишмисан!?
Ё кўклам либосин айлаган совут,
Алдамчи ва маккор қора қишмисан!?

Инжима, сўзларим ботса гар оғир,
Мен ҳам сени суйиб, қалбим очгандим.
Ёруғ умидим деб – юрагим оғрир –
Туллак кимсалардан сенга қочгандим.

Улар-ку ҳаққини олгай бир куни,
Илоҳий куч билан келсанг уфуриб –
Ердаги бор фитна, зулм, қутқуни
Бир тоза насиминг кетгай супуриб...

Илтижом – зулматнинг юзини тилган,
Халоскор, ойдинруҳ наҳор бўлиб кел.
Ҳар ғунчани асраб доялик қилган,
Қишга қўл бермаган Баҳор бўлиб кел!

Ҳамдардлик
Ажал шарбатини тотар ҳар банда,
Дунёда омонат эрур ҳар одам.
Ким бўлсин, оламдан бир кун ўтганда,
Унинг ҳурматига тутилар мотам.

Ва лек ҳар мавзуда зид қутблар бор,
Мавжуд ҳар жабҳада манфий ва мусбат.
Маъноли яшаган марҳум – бахтиёр,
Умрини совурган бўлса – мусибат.

Биродар, бошингиз бўлсин соғ-омон,
Бизни ҳам бу хабар кўп маҳзун этди.
Лекин фиғон чекманг... Бу Яхши Инсон
Худодан мукофот олишга кетди!..