Пора олишда айбланган собиқ ИИБ ходимига 357 миллион сўмдан кўпроқ тўлаб берилади. Нега?

Суд ҳужжатига кўра, С.С. аввал Пайариқ тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори лавозимида ишлаган...

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2012 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисмининг “б” банди ва 241-1-моддасининг  (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисми билан ўн ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2024 йил 2 декабрда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстансияси юқоридаги ҳукмни бекор қилиб, собиқ ИИБ ходими - С.С.ни айбсиз деб топган.

Содир этилган жиноятларга дахли бўлмаганлиги сабабли реабилитация этилиб, жиноят ишининг С.С.га оид қисми тугатилган.

Оқлангандан кейин С.С. етказилган барча мулкий зиённи ундириб бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Самарқанд вилоят суди аризада келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилиб, аризани қисман қаноатлантиришни лозим топди:

Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил маълумотномасида С.С.нинг 2012 йил июн ойидан 2024 йил 2 декабрига қадар олиши лозим бўлган иш ҳақи миқдори 12 фоиз солиқ тўловлари чегирилган ҳолда 357255403 сўмни ташкил этиши кўрсатилган.

Суд ушбу миқдорни вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсатсия қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғарма” ҳисобидан қоплашни белгилади.

Ажримда С.С. га маънавий ва бошқа моддий зарарларни ундириш юзасидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Ё.ГАДОEВ.