YouTube видеохостингида “Сирожиддин медиа” канали муаллифи Самарқандда қамоққа олинган

У "ишни ҳал қилиб бераман» деб пастдарғомлик фуқародан пул олганликда айбланмоқда.

Вилоят ИИБ телеграм каналида блогернинг қамоққа олинганини тасдиқловчи хабарни эълон қилди.

Унда айтилишича, Паст Дарғом туманида яшовчи, 1961 йилда туғилган фуқаро Р.Х. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатда 2024 йил август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган С.А.га бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган. С.А. ваколатли шахс бўлмаса-да, ишни унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, эвазига маълум миқдорда пул олган.

Бироқ у ҳозирги кунга қадар берган ваъдасини бажармасдан, жабрланувчини алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.