Қорасувда янги поликлиника аҳолига қандай тиббий хизмат кўрсатмоқда?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқар­масидан олинган маълумотга кўра, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудларда 12 та оилавий шифокорлик пункти, 5 та оилавий поликлиника ва 30 та маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилди. Бирламчи тиббий-санитария муассасалари сони 203 тадан 244 тага етди.

Бунинг натижасида 850 минг нафар аҳоли бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Эътиборлиси, ўтган даврда 228 та поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларидаги 2100 та ўрин кундузги стационарда 70 минг нафарга яқин бемор даволанди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврида 26 025 нафарни ташкил этган. Бирламчи тиббий хизмат муассасаларига бўлган талабнинг кескин ортиши тизимда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли яратилган замонавий шарт-шароитлар натижасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил бошида Қорасув массивида янги ташкил қилинган 13-оилавий поликлиника ҳам бугун шаҳар аҳолисига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

- Муассасамиз ҳудуддаги Обод маскан, Қорасув, Шодиёна ва Баҳодир Ялангтўш номли маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади, - ейди 13-оилавий поликлиника бош шифокори Шуҳрат Саидов. — Тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида мавжуд ҳар бир маҳаллага 2 та тиббий бригада хизмат қилмоқда. Ҳар бир тиббий бригадада 1 нафар оила шифокори, 2 нафар патронаж ҳамшира, 1 нафар амалиётчи ҳамшира, 1 нафар доя бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, оилавий поликлиникада барча тор соҳа мутахассислари мавжуд.

Энг муҳими, бугунги кун тала­би­­дан келиб чиққан ҳолда муассасамизда ультратовуш текшируви (УТТ), электрокардиография (ЭКГ), элек­троэнсифалография (ЭЕГ), эхо-энсифалография (Эхо-ЭГ), нейросонография аппаратлари билан боғлиқ тиббий хизматларни амалга ошириш имконияти яратилган. Шунингдек, лабораториямиз ҳам замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда умумий қон таҳлили, умумий сийдик таҳлили, қон биохимия таҳлили, каогулаграмма анализи, иммунофермент анализ (ИФА), қон ивиш вақтини аниқлаш, ревматоид факторни аниқлаш, гепатит Б-C аниқлаш ҳамда РWга ва ОИВ инфекциясига қон намуналарини олиш йўлга қўйилган.

Оилавий поликлиникаларда барча текширувларни амалга ошириб, мутахассислар кўригидан ўтиши, ташхис қўйиш мумкин. Кундузги стационар бўлимида ҳар куни соат 08:00 дан 20:00 гача даволаниш, бепул дори-дармон берилиши аҳолининг оилавий поликлиникага ишончининг ошишига,  қатновнинг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов,

Алишер Исроилов.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.