Яхшидан боғ қолади
Бу машҳур ибора халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ҳаётий, миллий ва диний қадриятларини ўзида мужассам этган. Аммо унинг бевосита садақаи жория (тўхтамайдиган, давомли савоб) тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳамма ҳам билмаса керак.
Садақаи жория – инсонга унинг ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам узлуксиз ажр етказиб турадиган эзгу амал. Бошқача айтганда, киши бу дунёни тарк этганидан сўнг ҳам номаи аъмолига савоб ёзишига сабаб бўладиган маънавий сармоя.
Садақаи жориянинг фазилати ва аҳамияти кўплаб ҳадисларда зикр қилинган. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса, унинг уч нарсадан бошқа амаллари тўхтайди. Улар – садақаи жория, манфаат олинадиган илм, ҳаққига дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”, деганлар.
Садақаи жория фақат моддий ёрдам билан чекланмайди. Инсонга узлуксиз равишда узоқ муддатли фойда келтирадиган ҳар қандай хайрли иш садақаи жория ҳисобланади. Илм тарқатиш, китоб ёзиш, йўл, кўприк, мактаб, кутубхона, масжид, шифохона қуриш, кам таъминланган оилаларга уй-жой барпо этиш, қудуқ ва ариқлар қазиш, сув ва газ тармоқларини ўтказиш, боғ-роғ барпо қилиш шулар жумласидандир.
Садақаи жория қилиш учун бой бўлиш шарт эмас. Ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда бунга қўл уриши мумкин. Ҳатто бир қултум сув ё бир дона хурмо бериш ҳам савобли амалдир. Бундай хайрли ишларнинг айримлари замон ва макон билан чекланмайди, айримлари муайян ҳудудга хос бўлади. Яна бошқалари эса маълум бир мавсумда адо этилади. Шулардан бири – кўчат ўтқазиш, яъни боғ барпо қилишдир.
Инсон бу дунёдан ҳеч нарса олиб кетмайди. Аммо нима қолдириши муҳим масаладир. Яхши амал, эзгу ном ва албатта, ундирилган боғ инсондан қоладиган моддий ва маънавий меросдир.
Аждодларимиз қадимдан баҳор фаслини янгиланиш ва ободонлик мавсуми сифатида алоҳида меҳр билан кутиб олган. Шу кунларга соғ-омон етгани учун Яратганга шукроналар айтиб, эзгу ниятлар билан ерга уруғ қадаган, мевали ва манзарали дарахтлар эккан. Албатта, бу ишларни уларнинг фазилати нечоғли улуғ эканини англаган ҳолда, қалб амри – ихлос билан савоб умидида амалга оширган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон бирор кўчат (дарахт) ёхуд бирор экин экса-ю унинг ҳосили – мевасидан инсон, қуш ё ҳайвон еса, бу унинг (эккан киши) учун садақа бўлади”, дедилар”.
Бугун ўтқазилган кўчат эртага соя беради, мева ҳадя этади, ҳавони мусаффо қилади. Бир туп дарахт йиллар давомида ўнлаб, юзлаб ва ундан ҳам кўп инсонларга наф келтиради. Демак, бу бир марта қилинган яхшиликнинг узоқ йиллик самарасидир.
Ривоят қилинишича, бир куни одамлар кексайиб, қошлари кўзини тўсган бир кишининг машаққат билан кўчат экаётганини кўриб: “Отахон, ёшингиз анча улуғ экан, шунга қарамай дарахт экиш билан оворасиз-а! Дам олсангиз бўлмайдими?!” дебди. У киши машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу экан. “Ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга айтганларки...” деб, мана бу ҳадисни ривоят қилибди: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”.
Демак, дарахт, экин экиш, умуман, яхшилик қилишнинг фазилати шунчалар улуғ эканки, ҳатто “қиёмат қўпти” деган пайтда ҳам инсон ундан тўхтамаслиги керак экан.
Довуд ибн Абу Довуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кун Абдуллоҳ ибн Салом менга: “Хурмо кўчатини ўтқазаётган бўлсанг, Дажжол чиққанини эшитсанг ҳам тўхтама. Шошилмай, уни ислоҳ қил (экиб ол). Ҳали ундан (Дажжолдан) кейин ҳам одамлар яшайди”, деди”.
Маълумки, хурмо дарахти секин ўсади ва узоқ йиллардан кейин ҳосилга киради. Ҳадисда айнан хурмо мисол қилиб келтирилиши инсоннинг узоқни кўзлаб, сабр ва матонат билан амал қилиши кераклигини англатади.
Юртимизнинг қай ҳудудига бормайлик, ранг-баранг боғлар ва манзарали дарахтлар кўзга ташланади. Йўловчилар дарахтлар соясида дам олади, болалар мевалардан баҳраманд бўлади. Шунда беихтиёр уларни эккан инсонлар ҳаққига дуо қилинади. Энг оддий, осон ва енгил, ҳамманинг қўлидан келадиган, катта маблағ ва машаққат талаб қилмайдиган садақаи жориялардан бири шу.
Баҳор – янгиланиш ва бунёдкорлик фасли. Келинг, шу муборак мавсумда ҳовлиларимиз, маҳалла ва кўчаларимизни мевали ва манзарали дарахтлар билан безаб, юртимизнинг янада кўркам ва обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, ўтқазилган ҳар бир кўчат келажакка қаратилган хайрли қадамдир.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими