Бешчинор маҳалласида амалий мулоқот
Самарқанд вилояти 6-Меҳробод сайлов округидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Акбарали Қаюмов навбатдаги ишчи ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида жойлашган Бешчинор маҳалласида бўлиб, маҳалла еттилиги аъзолари билан учрашди.
Учрашув давомида маҳаллада мавжуд муаммолар, аҳолини қийнаётган масалалар ҳамда уларни ҳал этишнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди. Айниқса, муаммолар билан тизимли ишлаш, ҳар бир йўналиш кесимида аниқ вазифаларни белгилаб олиш ва уларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Депутат таъкидлаганидек, маҳалла — ислоҳотларнинг энг қуйи ва энг муҳим бўғини бўлиб, айнан шу ерда аҳоли дарди эшитилади, муаммоларга ечим топилади. Шу боис, ҳар бир масала юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланган ҳолда иш олиб бориш муҳим. Учрашув якунида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда соҳалар кесимида амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Суҳбат жараёнида маҳалла биносини таъмирлаш масаласи ҳам кўтарилди. Қайд этилганидек, бино анча йиллардан буён таъмирталаб ҳолатга келиб қолган бўлиб, фуқароларни қабул қилиш ва тадбирлар ўтказиш учун қулай шароит яратиш зарурати мавжуд.
Мазкур масала депутат томонидан жойида ўрганилди. Акбарали Қаюмов маҳалла биносини замонавий талаблар асосида таъмирлаш, уни обод ва намунавий масканга айлантириш бўйича тавсиялар берди. Хусусан, бинонинг ички ва ташқи қисмини таъмирлаш, фуқаролар қабули учун алоҳида қулай хоналар ташкил этиш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш учун шароитларни яхшилаш лозимлиги таъкидланди.
Депутат ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатишини билдириб, таъмирлаш ишларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди. Бу маҳалла фаоллари ва аҳоли томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Учрашув самимий ва ишчан руҳда ўтди. Томонлар маҳалладаги муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, ҳудудни янада обод ва фаровон масканга айлантириш йўлида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.