ЖССТ коронавирус ва гриппга қарши эмланишни тавсия қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган навбатдаги брифингда CОVID-19 ва гриппга қарши эмланишни тавсия қилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги ойларда дунё бўйича коронавирус туфайли касалхонада даволаниш ва ўлим кўрсаткичлари ортиб бораяпти. Қолаверса, қатор минтақаларда грипп мавсуми бошланмоқда.
Ҳар икки касалликнинг бир вақтда кучайиши соғлиқни сақлаш тизимлари учун ортиқча юкламаларни юзага келтириши мумкин. Шу боис ҳозирдан зарур профилактик чоралар кўриш талаб этилади.
Чунки мавсумий грипп ҳар йили 650 минг нафарга яқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, бу вирус турли сурункали касалликларнинг ривожланиши учун қулай муҳит яратиши билан хавфли.
Шундан келиб, ЖССТ нафақат CОVID-19, балки гриппга қарши эмланишни ҳам тавсия қилди.
“Бунга, биринчи навбатда, хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатлами — ҳомиладор аёллар, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар, кекса ёшли инсонлар (65 ёшдан катта), сурункали касалликлари бор беморлар ва тиббиёт ходимлари амалга қилишлари мақсадга мувофиқ” — дейилади ташкилот хулосасида.