Аллергия: сабаб, оқибат ва давоси ҳақида
Маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 30-40 фоизи, яъни ҳар учинчи одам аллергик касалликлардан азият чекади. Иқлим ўзгариши, глобал исиш, экологик вазиятнинг ёмонлашиши каби қатор омиллар сабабли юртимизда ҳам аллергик беморлар сони ортиб бормоқда. Хўш, бу касалликни чегаралаб бўладими? Ундан қандай ҳимояланиш керак?
Вилоят бош аллергологи Жавоҳир Насимов шу ва бошқа саволларимизга жавоб берди.
— Аллергик касаллик ўзи нима? У қандай келиб чиқади?
— Оддий қилиб айтганда, аллергия - бу организмнинг ташқи ва ички муҳитга нисбатан реакцияси ҳисобланади. Бу жараён организмга чанг, турли хил дори воситалари ёки кимёвий моддалар тушганида бошланади. Оддий гул чангининг бурун бўшлиғига тушишини эслайлик. У кишида бурун оқиши ва аксиришни чақиради. Агар чанг кўзимизга тушса, қизариши ва ёшланиши мумкин, яъни организм ўзига нотаниш бўлган моддани тезроқ чиқариб ташлашга ҳаракат қилади.
— Аллергик касалликлар фақат куз ва баҳор фаслида авж олади, дейишади. Шу тўғрими?
— Умуман олганда, инсонда мавсумий аллергия, аллергик ринит ёки таомларга аллергия бўлиши мумкин. Охиргиси мавсум танламайди ва йил давомида кузатилади.
Мавсумий аллергияга келадиган бўлсак, у асосан баҳор ва куз ойларида бошланади. Унинг қўзғатувчиси баҳорда гуллайдиган турли хил мевали ўсимликларнинг ёки кузда гуллайдиган ёввойи ўтларнинг чанги ҳисобланади. Организмда уларга реакция турлича бўлиши мумкин. Шунингдек, мавсумий аллергиянинг клиник белгилари ҳам ҳар хил бўлади. Бурун битиши, бурундан сув келиши, аксириш, кўзлар ва томоқнинг қичиши, йўтал ва нафас сиқиши шулар жумласидан.
— Аллергик касалликлар билан боғлиқ вазият, таъкидланаётганидек, ёмонми?
— ХХI аср - аллергик касалликлар асри деб аталмоқда. Чунки экологик муҳит олдингига нисбатан анча ёмонлашган ҳамда одамлар истеъмол қилаётган аксар маҳсулотларни тайёрлашда ҳам кимёвий моддаларнинг улуши ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси аллергик касалликларга олиб келади. Айтиш жоизки, касаллик тобора ёшариб бормоқда. Илгари аллергия кўпроқ катталарда кузатилган бўлса, ҳозир янги туғилган болаларда ҳам аллергологик ҳолатлар учрамоқда. Бунга сабаб, онанинг ҳомиладорлик вақтида нотўғри овқатланиши ёки шифокор назоратисиз турли дориларни қабул қилиши ҳисобланади.
Ўз ҳолида ҳам аллергия наслий касаллик ҳисобланади ва у гендан генга ўтиши мумкин. Юқорида санаб ўтилган омиллар эса унинг эрта қўзғалиши ёки зўрайишига олиб келади.
— Айримлар шифокорга кўринмай туриб аллергияга қарши турли дори воситаларини истеъмол қилиб юради...
— Аллергияни шифокорга мурожаат қилмасдан, ўзбошимчалик билан даволаш мумкин эмас. Сабаби, аллергия оддий касаллик ҳисобланмайди. Кўпчилик аллергияни шамоллаш билан адаштиради. Тўғри, аллергик касаллик билан шамоллашнинг белгилари ўхшаш. Ҳар иккисида ҳам беморнинг бурнидан сув келиши, томоғи қичиши ёки аксириш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бу ерда фарқни тана ҳароратининг кўтарилиши ва мавсумийлик орқали аниқлаш мумкин. Яъни, шамоллашда мавсумийлик бўлмайди ҳамда у тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечади. Акси бўлса, сизда аллергия бўлади. Буни билмаганлар турли кераксиз, баъзида саломатлигини баттар ёмонлаштирувчи дориларни истеъмол қилади. Шу сабабли аллергияси бор бемор шифокорга мурожаат қилиши ва фақат шифокор назорати остида даволаниши лозим.
— Аллергияси бор инсонлар истеъмол қилиши мумкин бўлмаган умумий маҳсулот борми?
— Ҳа, бор. Сут маҳсулотлари, тухум, балиқ, денгиз маҳсулотлари, ёнғоқлар, буғдой, кунжут ва соя қўшиб тайёрланган маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Бундан ташқари, скарификацион ва лаборатор усуллар билан беморнинг қандай маҳсулотларга аллергияси борлигини аниқлаш мумкин. Шунга қараб, унга маълум бир маҳсулотни истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
Мавсумий аллергияси бўлган беморлар ишда ёки кўчада юрганида тиббий ниқобда бўлиши ҳамда томоқ, бурун ва кўзларни тез-тез ювиб туриши лозим.
— Ёш болаларда аллергик касаллик бўлмаслиги учун нима қилиш керак?
— Айтиб ўтилганидек, аллергия аслида наслий касаллик ҳисобланади. Ота ёки онада аллергия мавжуд бўлса, уларнинг фарзандида ҳам касалликка мойиллик кузатилади. Лекин ҳаёти давомида унда аллергия қўзғалмаслиги ҳам мумкин.
Бунинг учун нафақат болалар, балки уларнинг оналари ҳам ҳомиладорлик даврида ГМО (генетик модификацияланган организмлар), турли кимёвий ёки аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилмаслиги лозим. Бола табиий, яъни она сути билан икки йил озиқланиши ҳамда витаминларга бой, организм учун фойдали маҳсулотларни истеъмол қилиши лозим.
— Аллергияни даволамаса, оқибати қандай бўлади?
— Узоқ вақт давом этган аллергия оғир оқибатларга олиб келади. Мисол учун, оддий аллергик ринит касаллиги узоқ вақт давом этса, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги – “астма” га олиб келади.
Одамлар кўп ҳолларда эътибор бермай келадиган аллергик касаллик инсоннинг ҳаёт тарзига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай экан, саломатлигимизга эътиборсиз бўлмаслигимиз ва энг муҳими, жараёнда асосий эътиборни даволашга эмас, профилактикага қаратишимиз керак.
Умида САТТОРОВА суҳбатлашди.