Ботулизм – банка ичидаги ажалдан эҳтиёт бўлинг!
Ёз ва куз мавсумида уй бекаларимиз томонидан мевали компотлар, помидор-бодринг, қўзиқорин консервалар тайёрланади.
Бундай маҳсулотларга инсон организми учун витаминларга бой манба сифатида қараймиз. Бироқ сўнгги йилларда аҳоли ўртасида уй шароитида тайёрланган консервалар – сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилиши натижасида гуруҳли заҳарланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ботулизм касаллиги, касалликнинг олдини олиш учун амал қилиш қоидаларига риоя қилишларини сўраб қолади.
Ботулизм микроблари ташқи муҳитда кўп тарқалган бўлиб, уларнинг споралари мева-сабзавотларга тупроқдан ўтади, бироқ ўзи касаллик пайдо қилмайди. Заҳарланишнинг юзага келиши учун озиқ-овқат маҳсулотларида микроблар кўпайиши ва ўзидан экзотоксин ажратиши керак. Ботулизм микроблари асосан анаэроб “кислородсиз” шароитда кўпаяди.
Герметик ёпилган консерва банкалари бунинг учун қулай шароит ҳисобланади. Мева-сабзавот консерваларида улар тез кўпаяди. Ботулизм микроблари анаэроб шароитда кучли экзотоксин ҳосил қилади, мазкур токсиннинг 0,3 микрограми инсон ўлимига олиб келади.
Ботулизм споралари консервалар ва мариновкалар қайта ишлаш жараёнида ҳамма вақт ҳам йўқ бўлмайди. Айниқса, ботулизм қўзғатувчиларининг споралари юқори даражага ўта чидамли бўлади. 100 даража ҳароратда 6 соат, 120 даража ҳароратда 10 дақиқа бардош бериши мумкин.
Маҳсулотга тушган қўзғатувчилар ва споралар кислородсиз қулай шароит яратилгандан кейин 22-37 даража иссиқликда кўпайиб, ўзидан токсин ажратади. Фақат 8 фоизли ош тузи эритмаси ва 55 фоиздан юқори шакарли муҳитда токсин ишлаб чиқариши тўхтайди.
Мева-сабзавотли ва қўзиқоринли консервалар тайёрлашда унга сирка кислотаси қўшиш ботулизмдан сақланишнинг бирдан-бир омилидир. Чунки кислотали муҳитда ботулизм қўзғатувчиларининг кўпайишига шароит бўлмайди.
Ботулизм микробининг токсини асосан марказий асаб тизимини заҳарлайди. Касалликни яширин даври бир неча соатдан 2-5 кунга, ҳатто 10 кунгача чўзилади. Кўпчилик ҳолларда 12-24 соатда клиник белгилари пайдо бўла бошлайди. Бемор ҳолсизлик, кучли бош оғриғи, оғиз қуриши, кўнгил айниб, қайт қилиши ва қорин соҳасида кучли оғриқдан шикоят қилади.
Кейинчалик ботулизм токсинларининг марказий нерв тизимига таъсири натижасида беморнинг кўз олди хиралашуви, нарсалар иккита бўлиб кўриниши, кўз қовоқларида шиш пайдо бўлиши, ютинишнинг қийинлашиши (ичаётган суви бурнидан қайтиб келиши), чайқалиб юриши, гапиришнинг қийинлашиши ва ҳатто гапира олмаслик каби симптомлар кузатилади, аммо танада ҳарорат кўтарилмайди.
Бундай ҳолатларда беморга зудлик билан ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ботулизмга қарши зардоб билан даво муолажалари ўтказилмаса, бемор нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этиши мумкин.
Ботулизмдан заҳарланишнинг олдини олиш уй шароитида тайёрланган консерваларни истеъмол қилишдан олдин банка қопқоғи кўтарилган бамбаж консерваларни, шунингдек, рангида ўзгариш бўлган консерваларни истеъмол қилманг. Бозор ва аҳоли гавжум жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган номаълум шароитда тайёрланган сифати кафолатланмаган, этикеткаси мавжуд бўлмаган мева-сабзавот консерваларини, дудланган гўшт ва балиқларни олманг.
Шунингдек, озиқ-овқат дўконларидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва мева-сабзавот консервалари, дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин сифатини кафолатловчи сертификати борлигини суриштиринг. Консерва маҳсулотларни 10 даражадан юқори бўлмаган салқин жойда сақланг ва уй шароитида билиб-билмасдан тайёрланган консервалар ва сотувдаги териси шикастланган ва офтобда қолган балиқларни умуман еманг. Савдо дўконларидан консерва маҳсулотларини харид қилишда уларнинг сақлаш муддати, идишларининг бутунлиги, қопқоқлари шишмаганлигига эътибор беринг.
Санэпидқўмита Самарқанд вилоят бошқармаси.