Маърифатли қизлар – жамият безаги
Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида “Илмли, маърифатли қизлар – жамият безаги” мавзусида маърифий семинар ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг олдини олиш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш ҳақида сўз юритилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, ички ишлар ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари масуъллари мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар, янги тартибларни жорий этиш зарурати, улардан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот бердилар. Хусусан, эрта никоҳ, ўсмирлар ҳомиладорлиги ҳамда қизларни таълимдан ажралиб қолишининг олдини олиш масалалари муҳокама қилиниб, ўқувчи-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
– Афсуски, бугун ҳам вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик, эрта туғруқ ва эрта никоҳ ҳақидаги хабарларни эшитиб қоламиз, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Раъно Қурбонова. – Ва кўп ҳолларда бундан кеч хабардор бўламиз. Бундай пайтда эса қандай йўл тутишни ҳам билмай қоласан. Эндиликда, давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилди. 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модулини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Умуман, бу масалага ҳеч биримиз бефарқ бўлмай, ён-атрофимизга сергак нигоҳ билан қарашимиз, ўсмир, вояга етмаган қизларимизга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Семинарда тиббиёт ходимлари томонидан ўқувчиларга репродуктив саломатлик, эрта ҳомиладорликнинг тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилиб, саломатликни асраш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тавсиялар айтилди. Ички ишлар идоралари масъуллари эса кейинги пайтда ўқувчи қизларни ҳуқуқбузарликлардан, зўравонлик ҳолатларидан асраш, уларни таълимга ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича олиб борилаётган тарғибот ишлари самарасида қизлар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайганини таъкидлади.
Бу каби тадбирлар вилоятдаги бошқа таълим муассасалари, маҳаллаларда ҳам ўтказилмоқда.