Метан “заправка”лар ҳозирча жамоат транспорти учун фаолият юритмоқда

Совуқ кунларда табиий газ босимининг пастлиги сабабли биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Айни вақтда магистраль газ қувурларида босимни ростлаш ва меъёрий ҳолатга келтириш ишлари давом этмоқда.

Шунга кўра, ҳозирча метан “заправкалар” ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ва жамоат транспорти учун фаолият юритади, дейилади Энергетика вазирлигидан олинган маълумотларда.

Мазкур чоралар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлашга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, биржа савдоларига чиқарилаётган бензин ва суюлтирилган газ (пропан) ҳажми оширилган бўлиб, етарли миқдорда етказиб берилмоқда.

Шу ўринда, хусусий “автозаправка”лар эгаларидан нархларни сунъий равишда оширмасликларини, бензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишлари талаб қилинади. Уларда назорат тадбирлари кучайтирилиб, нархларнинг асоссиз равишда ошириб юборилишига йўл қўйилмайди.