Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, бунинг учун жиноий жазо кучайтирилади
Аввал жазо енгилмиди? Умуман, бу ҳаракатга, табиийки, унинг ортидан катта харажатга зарурат борми? Давлат раҳбарининг тегишли фармони билан танишган кишида шундай саволлар туғилиши табиий.
Аммо жиддий ўйлаб кўрилса, саволлар ўринсиз эканлигини англаш мумкин. Зотан, сўнгги йилларда наркожиноятчилик бутун инсоният учун янги глобал хавф-хатарга айланмоқда. Маълумотларга кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган, оқибатда йилига 300 мингга яқин инсон гиёҳвандлик сабабли вафот этяпти.
Менга нима(ми)?
Ҳа, наркотик моддалар билан боғлиқ ҳолат ҳақида гап кетганда, гарчи юқорида қайд этилгани каби аянли рақамлар бўлса ҳам шундай хулоса қилишга одатланганмиз. Негаки, юртимизда бундай турдаги воситалар тайёрланишидан тортиб, тарқалиши-ю истеъмолигача жиддий қарши курашилади.
Афсуски, мазкур иллат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Йил бошидан 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар ушлаб қолинган. Бундай жиноятларнинг шакл ва турлари йилдан-йилга кўпайиб, қамрови ортиб бормоқда.
Аммо... Кейинги пайтларда анъанавий наркотиклар ўрнини истеъмоли осон, яшириш ва тарқатиш қулай дори шаклидаги психотроп ва синтетик моддалар эгаллаётганини эшитиб, билиб юрибсиз. Уларнинг тарқалиши асосан ёшлар орасида юз бераётгани ҳам бугун кўпчиликка сир эмас. Синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали контактсиз шаклда ўтказилмоқда. Наркотикларни тарқатиш манбаси бўлган уюшган жиноятчилик трансчегаравий хусусиятга эга.
Шунинг учун ҳам бизда бу масалада вазият барқарор бўлса-да, бугундан бошламасак, янги турдаги жиноятчилик, янги турдаги наркотиклар айнан ёшлар, айнан вояга етмаганлар орасига кириб келиши хавфи мавжуд.
Табиийки, бундай шароитда наркожиноят ва гиёҳвандликка қарши курашишни комплекс равишда ташкил қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифага айланади.
– Шу боис, миллий қонунчилигимизга мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келди, – деди давлатимиз раҳбари.

Зарур чоралар белгиланмоқда
Мутасаддилар наркотикларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш бўйича режа ва таклифларини Президентга тақдимот қилди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ушбу хавфдан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда механизмлар таклиф сифатида киритилди.
Бунда ўқувчи ва талабалар орасида наркотикларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда бу иллатга муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таъсирчан амалий ҳаракатларни амалга оширишни барча масъул органлар ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Биринчи навбатда, ёшлар орасида наркотикларнинг ноқонуний айланмасига жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қатъий барҳам бериш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш, наркотикларни интернет орқали тарқатиш, уюшган гуруҳлар ва нарколабораториялар, уларга раҳнамолик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар орасида гиёҳвандликнинг диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизими тубдан такомиллаштирилади.
Тақдимотда 100 дан зиёд тезкор-профилактик, ташкилий-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини назарда тутувчи Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури лойиҳаси давлат раҳбари томонидан маъқулланди ҳамда бу борада узлуксиз ишлаш тизимини жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Қонунчилик ҳам янгиланади
Аввал жазо енгилмиди? “Ижтимоий тармоқ фаоллари”дан бирининг шундай саволидан ҳайрон қолмадим. Чунки тармоқ фойдаланувчилари-ку тушунарли, аммо унда ўзини фаол санаганлар ҳам масалани ўрганиб кўрмасдан хулоса чиқармоқда.
Аслида гап бу ерда қонунларимиздаги жазо аввал қандай бўлгани ва келажакда қанақа ўзгаришида эмас. Такрор бўлса-да айтиш керак, наркотик воситаларнинг ўзи, тарқалиш услуби, тайёрланиши бутунлай ўзгариб боряпти. Демакки, қонунчиликни ҳам шунга монанд янглаш керак. Жумладан, вояга етмаганларни ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида:
- ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этиш жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади;
- вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади;
- таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари 2 бараваргача оғирлаштирилади;
- вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилганлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарлик киритилади.
Бундан ташқари, айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишга йўл қўйилмайди.
Лоқайдлигимиз панд бермасин!
Ҳа, давлат раҳбарининг миллат генофондини сақлаш борасида имзолаган ҳужжати аксар тармоқ ва нашрларда наркожиноятчилик учун жазо чоралари кучайтирилади, деган мазмунда тарғиб қилинди.
Аслида ҳужжатнинг асл мазмуни фақат бугина эмас. Чунки унда Ўзбекистонда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатини халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтириш чораларини кўриш белгиланди. Уни соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан янгилаб бориш (тўлдириш) механизмлари жорий этиладиган бўляпти.
Ва прекурсорларнинг қонуний муомаласини тартибга солиш ҳамда улар ишлаб чиқарилишидан (хориждан келтирилишидан) бошлаб реализaция қилинишигача (транзит ўтиши, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш, сотиш, сақлаш, бериш ва бошқа) бўлган барча жараёнларни электрон назорат қилиш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи қатъий давлат назорати ўрнатилади.
Энг муҳими, бу ишга жамоатчиликни ҳам фаол жалб қилиш белгиланди. Яъни, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган ёки аниқлашга кўмаклашган фуқароларни муносиб рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Эндиям, бепарво бўлсангиз, унда билмадик!
Ё.Марқаев тайёрлади.