Самарқандда гиёҳванд модда сотувчилари қўлга олинди
ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида келишилган "савдо"лар ниҳоясига етмай қолди.
Хусусан, ушбу тадбирлар давомида Пайариқ туманида яшовчи О.Ш. ўзининг хонадонида ноқонуний равишда наркотик моддаларни сақлаб, шу туманда яшовчи жиноий шерикларига сотиб келаётганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан О.Ш.нинг уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ўтказилган тинтув тадбири давомида эса келгусида сотиш ва ўзининг истеъмоли учун сақлаб келаётган 58 гр. миқдоридаги “кўкнори” гиёҳвандлик моддаси топилиб, холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Кучли таъсир қилувчи дори воситалари олди-сотдиси билан боғлиқ яна бир ҳолат Самарқанд шаҳрида ҳам аниқланган. Хусусан, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш йўналишида олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида Самарқанд шаҳрида яшовчи А.М. ва турмуш ўртоғи М.Х.лар “Редуксин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини яширин равишда сақлаб, уларни ушбу дори воситалари истеъмолига қарам бўлган шахсларга сотиш ҳамда уларга етказиб бериш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Самарқанд шаҳри Университет хиёбонида ўтказилган фаол тадбир натижасида, М.Х. маҳаллий фуқарога 5 қути “Редуксин” дори воситасини 950 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Шундан сўнг, М.Х.га тегишли бўлган "Мохи-Шоп" номли савдо дўкони кўздан кечирилганда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётган жами 5 688 дона: таркибида "субутрамин" моддаси бўлган 900 дона капсуладаги "Редуксин лайт”, "Lipotrim" номли 540 дона, "Спирулина" таблетка 144 дона, "Фит 90" номли 360 дона, "Сексуалная фигура" номли 432 дона, "Лишоу" номли 72 дона, "B-Fit" номли 180 дона, “Shafran diet” номли 504 дона, “Голд Пума” номли 324 дона, “Blec panter” номли 72 дона, "Цынзишоу" номли 408 дона, "Max slim" номли 72 дона, "Pro Lipolytic" номли 1680 дона, "Uzmax" номли 1o 440 дона дори воситасилари процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.