Самарқандда 5 килограмга яқин гиёҳвандлик моддалари айланмасига чек қўйилди

Давлат хавфсизлиги хизмати ҳамда вилоят ички ишлар бошқармалари ходимлари Ургут туманида наркотрафикка қарши кураш йўналишида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбирда туманда яшовчи, 2003 йилда туғилган С.С. маҳаллий фуқарога 600 АҚШ доллари эвазига 6,76 грамм “героин” гиёҳвандлик моддасини  сотаётган вақтида қўлга олинди.

Тадбир давом эттирилиб, С.С.нинг яшаш хонадонидан 957,53 грамм “героин”, 2 килограмм 614,51 грамм “опий”, 285,6 грамм “гашиш” ва 758,5 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситалари топилди.

Шунингдек, С.С. нинг жиноий шериги, Ургут туманида яшовчи 1976 йилда туғилган Х.А. ўз яшаш манзилида 2,84 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини сақлаб келганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида, жами 4 килограмм 628 грамм гиёҳвандлик воситалари тарқалишига чек қўйилди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.