Bizni kuzating

Тўйга таклифнома ортидаги тузоқ

Бугун кибержиноятларнинг тури кўпайиб, уларни содир этиш усуллари ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. Энг ачинарлиси, киберфирибгарлар кўп ҳолларда мураккаб технологиялардан эмас, аввало, инсоннинг ишончи, қизиқиши ва шошқалоқлигидан фойдаланади.

Яқинда қариндошимиздан телеграмимга «Тўйга таклифнома» мазмунида файл келди. Ростини айтсам, дастлаб қизиқиш устунлик қилиб, файлни очиб кўрмоқчи бўлдим. Чунки хабар юборган қариндошимнинг тўй қилишга сабаби йўқ эди.

Аммо файл номи охиридаги .apk ёзуви мени сергак торттирди. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зарарли apk файлларини очмаслик ҳақидаги огоҳлантиришлар ёдимга тушди. Файлни очмадим.

Қўнғироқ қилиб, вазиятни аниқласам, ўйлаганимдек бўлиб чиқди. Ушбу хабарни олган ва қўнғироқ қилган биринчи одам эмас эканман. Қариндошимнинг телеграмм аккаунтидан бошқа шахслар фойдаланаётган эди.

Афсуски, сўнгги вақтларда бундай тузоқлар тобора кўпаймоқда. «Сизга нисбатан суд қарори чиқарилди», «МИБдан қарздорлигингиз бор», «Бу суратдаги одам сиз эмасмисиз?»...

Бир қарашда булар мутлақо турли мазмундаги хабарлар. Аммо уларнинг мақсади битта — инсонни ўйлаб ўтирмасдан ҳаволани босишга, зарарли файлни очишга ёки шубҳали иловани ўрнатишга ундаш. Яъни, киберфирибгар учун энг муҳим восита —инсоннинг ишончи.

Масалан, «Тўйдан олинган расмлар» дейилса, қизиқиш устун келиши мумкин. «Судга чақирув.apk» файли юборилса, «Нима сабабдан судга чақиришяпти?» деган савол туғилади. «МИБ қарздорлиги ҳақида.pdf.apk» каби файлларда эса ПДФ сўзи одамни чалғитиб, файл хавфсиздек кўринишига сабаб бўлади. 

Қарз сўраган фирибгар

Киберҳужум қурбони бўлган танишларимдан бири бошидан ўтказган воқеани шундай сўзлайди: «Бундан бир ойча олдин яқин танишларимнинг тинмай қилаётган қўнғироқлари мени сергак торттирди. “Тинчликми, нима учун қарз сўраяпсан?”, “3 миллион 500 минг сўм нега керак бўлди?”, “Саломатлигинг яхшими?” — қўнғироқларнинг барчаси бир хил мазмунда эди.

Дастлаб ҳайрон бўлдим. Кейин эса телеграмм аккаунтим хакерлар қўлига ўтганини тахмин қилдим. Ҳақиқатан ҳам иловага кира олмаётган эдим. Демак, менинг номимдан хабарларни бошқа биров юбораётган экан.

Қўнғироқлар кўпайгани сайин вазиятнинг жиддийлигини тушундим. Дарҳол яқинларимни огоҳлантиришга киришдим. Чунки хабарни олган инсонлардан кимдир алдовга ишониб, пул ўтказиб юбориши мумкин эди.

Менинг номимдан юборилган хабарларда гўё қийин аҳволга тушганим, зудлик билан 3 миллион 500 минг сўм пул кераклиги айтилган. Пулни эса бошқа бир шахс номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказиш сўралган. Айнан картанинг менинг номимда эмаслиги кўпчиликни шубҳага солган. Шу боис улар менга қўнғироқ қилиб, вазиятни аниқлаштиришди.

Аммо хакерлар ҳужумидан кун охиригача қутула олмадим. Телеграмнинг расмий сайти орқали юборилган мурожаатга эса 12 соатдан кейин жавоб олдим.

Ўша 12 соат давомида менинг номимдан кимларга хабар юборилгани, кимлар бу алдовга ишонгани ёки пул ўтказган-ўтказмагани менга қоронғу», дейди танишим.

Бу воқеалар шуни англатадики, телеграмм аккаунти қўлга киритилиши, нафақат унинг эгасига, балки яқинлари ва танишларига ҳам хавф туғдиради. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун сохта хабарларга учмаслик, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, сохта акция ва совғалар ҳақидаги хабарларга ишонмаслик, зарарли apk файлларни очмаслик керак.

Уларнинг барчасида умумий жиҳат бор: фойдаланувчини ишонтириш ва унинг ўзи орқали аккаунтга кириш имкониятини қўлга киритиш.

Хакерлардан ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз. Аввало, телеграммда икки босқичли ҳимоя тизимини ёқишимиз ва қурилмалар бўлими орқали аккаунтга уланган қурилмаларни мунтазам текшириб туришимиз керак. Телеграммга кириш учун келган тасдиқлаш кодини ҳеч кимга бермаслигимиз зарур. Шунингдек, таниш инсондан келган хабар шубҳали бўлса, дарҳол ишониб кетмай, аввал уни қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик киритишимиз лозим. Асосийси, номаълум манбадан келган apk файлларни очмаслигимиз муҳим.

Киберфирибгарлар айнан инсоннинг ҳиссиётидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Қизиқиш, қўрқув, шошилиш, раҳм-шафқат ёки яқин инсон учун хавотир - шулар сабаб биз уларнинг қурбонига айланамиз. Шунинг учун ҳар қандай шубҳали хабарга нисбатан битта одатни шакллантиришимиз керак. Аввал текшириш, сўнг эса ҳаракат.

Насиба Жонтўраева.