Йўл бор. Аммо пиёда қаердан юради?
Қишлоқда йиллар давомида лой ва чанг бўлиб ётган кўча асфальтланди. Аҳоли хурсанд. Машиналар энди равон ҳаракатланади. Ёмғир ёққанда лой кечиб юришга ҳожат қолмади. Аммо пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўлакларга ҳануз етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Хўш, шу кўчадан мактабга бораётган бола қаердан юради? Ёши улуғ қариялар бозор ёки дўконга чиқса, йўлнинг қайси қисмидан ҳаракатланиши керак? Автомобиллар қатнови кўпайган кўчада пиёданинг хавфсизлиги қандай таъминланади?
Бу саволлар бугун қишлоқ ва маҳаллаларда йўл қурилиши билан шуғулланаётган мутахассисларни жиддий ўйлантириши керак.
Бугун мамлакатимизда маҳалла ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, марказлашган ичимлик суви тармоқларини барпо этиш, ички кўча ва йўлларни таъмирлаш кенг кўламда амалга оширилмоқда. Энг чекка ва тоғли қишлоқларда ҳам йиллар давомида аҳоли учун муаммо бўлиб келган йўллар босқичма-босқич обод қилинмоқда. «Ташаббусли бюджет», ҳомийлик ва давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган бу ишлар, шубҳасиз, аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда.
Жумладан, Иштихон туманининг тоғли Зарбанд қишлоғида ҳам йўлларни ободонлаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Бугун қишлоқда асфальтланмаган кўча қолмаган. Йўл қурилиши билан бирга, ҳар йили сел ва тошқинлар туфайли зарар кўрадиган кўприклар ҳам қайта қурилиб, мустаҳкамланди.
Лекин бирор жойда махсус пиёдалар учун қурилган йўлакни кўрмайсиз.
Йўл қуришда биз кўпроқ автомобиль ҳаракати ҳақида ўйлаяпмиз. Пиёдалар ҳақида эса баъзан кейин ўйлаймиз ёки умуман ўйламаймиз.
Аксарият қишлоқ кўчаларида автомобиль ҳаракати учун ажратилаётган йўлнинг кенглиги 4–4,5 метр атрофида бўлади. Қарама-қарши келган икки енгил машина ҳам бундай йўлда бир-биридан эҳтиёткорлик билан ўтади. Натижада пиёда йўл четидан юришга мажбур бўлади.
Бир қарашда бу оддий ҳолдек туюлиши мумкин. Аммо йўлда автомобиль тезлиги ошса, бола мактабдан қайтаётган бўлса, кекса инсон йўлдан ўтаётган бўлса ёки кечқурун кўча етарлича ёритилмаса, оддий кўринган бу масала хавфсизлик муаммосига айланади.
Аслида, йўл қуришдан мақсад фақат машинани манзилига етказиш эмас. Йўл, аввало, инсонга хизмат қилиши керак. Шунинг учун ҳар бир йўл лойиҳасида «Автомобиль қаердан юради?», «Пиёда қаердан юради?», деган саволлар бўлиши шарт.
Албатта, қишлоқ шароитида бунинг ўзига хос мураккабликлари бор. Айрим кўчаларда уй-жойлар жуда яқин жойлашган, зовур ва ариқлар, электр устунлари, дарахтлар ва бошқа инфратузилма объектлари мавжуд. Ҳар бир кўчага кенг тротуар қуриш имкони бўлмаслиги мумкин. Аммо бу пиёдалар хавфсизлиги масаласини четга суриш учун сабаб бўлмаслиги керак. Имконияти бор жойларда муаммога ечим топиш зарур.
Айниқса, янги йўл қурилаётганда бу масала лойиҳанинг дастлабки босқичидаёқ ҳал қилиниши керак. Акс ҳолда, кейинчалик йўлни қайта бузиб, пиёдалар йўлагини ташкил этишга тўғри келиши мумкин.
Имконият бор жойларда тротуар қуриш, мактаб ва боғча атрофида пиёдалар йўлакларини алоҳида белгилаш, аҳоли гавжум ҳудудларда хавфсиз ўтиш жойларини ташкил этиш, кечаси кўчаларни ёритиш каби чораларни йўл қурилиши билан бир вақтда режалаштириш мумкин.
Бугун биз қишлоқларнинг қиёфасини ўзгартиряпмиз. Кўчаларга асфальт ётқизяпмиз, кўприкларни мустаҳкамлаяпмиз, инфратузилмани янгилаяпмиз. Энди пиёдалар учун ҳам хавфсиз муҳит яратиш лозим. Чунки замонавий қишлоқ дегани нафақат асфальтланган кўча. Замонавий қишлоқ — боласи мактабга хавфсиз бора оладиган, қарияси кўча бўйлаб хотиржам юра оладиган, автомобиль ва пиёда бир-бирига халақит бермайдиган қишлоқдир.
Хуллас, йўлларимиз равонлашмоқда. Аммо уларда пиёдалар учун ҳам жой бўлсин.
Дилмурод Тўхтаев.