Пайариқда 7 мингдан ортиқ китоб жамланган маънавият маскани очилди
Юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш, замонавий кутубхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслар давоми сифатида Пайариқ тумани Хўжа Исмоил маҳалласида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Асадулло Шукуров кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Саидғани Насриддинов, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев ҳамда ташкилотчилар сўзга чиқиб, кутубхонанинг фойдаланишга топширилиши ҳудудда китобхонлик ҳаракатини янада ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

- Асадулло Шукуров кутубхонаси бугунги кунда ўзининг бой китоб фонди билан ажралиб туради, - деди тадбирда Ф.Тошев. - Унда ўзбек, рус, тожик, инглиз, немис, ҳинд ва бошқа тиллардаги 7 мингдан ортиқ бадиий, илмий ҳамда маърифий адабиётлар жамланган. Кутубхонада классик адабиёт, болалар адабиёти, диний-маърифий адабиётлар, илмий-техник адабиётлар ва бошқа йўналишлар бўйича бўлимлар ташкил этилган. Бу эса турли ёш ва қизиқишдаги китобхонлар, илм-фан ва адабиёт ихлосмандлари учун кенг имконият яратади.
Янги кутубхона нафақат китоб мутолааси учун, балки ижодий учрашувлар, илмий-маърифий суҳбатлар, адабий кечалар ва турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган маскан сифатида ҳам фаолият юритиши кўзда тутилган.
Тадбир давомида иштирокчилар кутубхонада яратилган шароитлар, китоб фонди ва бўлимлар билан танишдилар. Сўнгра кутубхона фондини янада бойитиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 500 дона, шунингдек, вилоятимиздаги бир қатор корхона-ташкилот, муассасалар ҳамда ижодкорлар 600 га яқин сара китоблар совға қилишди.
Тадбир якунида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар.