Ёзги таътил қандай ўтди?
Жорий йилги ёзги таътил даврида вилоятдаги оромгоҳларда 8710 нафар, умумтаълим мактабларида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларида 12805 нафар ўқувчини қамраб олиш кўзда тутилган эди.
Болаларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий-маърифий ва жисмоний ривожланишига кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамда мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар бажарилди.
Мавсум давомида 8938 нафар бола стационар оромгоҳда, 21846 нафар бола соғломлаштириш майдончаларида дам олдирилди. Вилоятдаги доимий оромгоҳларда, жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги оромгоҳларда бу йил 6885 нафар бола қамраб олиниши режалаштирилган эди. Амалда эса 7060 нафар бола соғломлаштирилди.
Оромгоҳларда 12 кунлик намунавий дастурни самарали ташкил этиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини мазмунли ўтказиш, болалар билан ишлашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар бериб борилди.
Оромгоҳларнинг моддий-техник ва тиббий таъминоти ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳар бир оромгоҳ 400–500 донагача бадиий адабиёт, газета ва журналлар билан таъминланди. Шунингдек, оромгоҳларга 48 турдаги дори-дармонлар, қорақурт ва илон заҳрига қарши зардоблар, дезинфекция воситалари ҳамда зарур тиббий жиҳозлар етказиб берилди.
Мавсумда ижтимоий ҳимоя масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилди. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъло баҳоларга ўқиётган фарзандларидан 4093 нафари саралаб олинган бўлиб, уларнинг 3378 нафари, яъни 82 фоизи департамент тасарруфидаги оромгоҳларда дам олдирилди.
Болаларни оромгоҳларга олиб келиш ва мавсум якунида яшаш жойларига қайтариш ишлари йўл-патрул хизмати ходимлари кузатувида хавфсиз ташкил этилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш тизими томонидан оромгоҳларга 56 нафар шифокор ва 56 нафар ҳамшира бириктирилди.
Оромгоҳларга қабул қилинган барча болалар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, мавсум давомида уларнинг саломатлиги мунтазам назорат қилинди.
Жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларидан 28 нафар, фавқулодда вазиятлар бўлимларидан 14 нафар, Қўриқлаш департаментидан 52 нафар ходимнинг доимий навбатчилиги ташкил этилди.
Шунингдек, санитария-гигиена талаблари, озиқ-овқат ва ичимлик суви сифати, ёнғин хавфсизлиги ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш масалалари мунтазам назорат қилинди.
Энг муҳими, мавсум давомида болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатга йўл қўйилмади. Болалар соғ-саломат ҳолда ўз яшаш жойларига қайтарилди.
Оромгоҳлардаги дам олиш жараёни фақат кўнгилочар тадбирлар билан чекланиб қолмади. Болаларнинг илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларда ватанпарварлик, юртга садоқат, дўстлик ва бағрикенглик туйғуларини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли дастур амалга оширилди.
Ҳар бир кунга алоҳида йўналиш ва ном берилди. “Салом, оромгоҳ!”, “Болалар фестивали”, “Ҳарбий-ватанпарварлик”, “Миллий қадриятлар”, “Заковат”, “Ижод ва истеъдод”, “Она табиатни асраш”, “Моҳир қўллар ва касб-ҳунар”, “Спорт ва саломатлик”, “Миллатлар дўстлиги”, “Туризм ва ўлкашунослик”, “Сарҳисоб”, “Хайр, оромгоҳ!” каби йўналишлар асосида турли тадбирлар ташкил этилди.
Мавсум давомида оромгоҳларда 425 дан ортиқ маданий-маърифий тадбир ва учрашув, 355 та спорт тадбири, 148 та давра суҳбати, 28 та учрашув, 48 та китобхонлик кечаси ва 43 та фестиваль ўтказилди.
Феруза Қиличева,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи.