Ёзги болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?
Самарқанд туманидаги «Алпомиш» оромгоҳида 2026 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш бўйича ташкил этилган семинарда шу саволга жавоб изланди.
Тадбирда вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъуллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясин вилоят кенгаши вакиллари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ҳамда спорт бошқармалари раҳбарлари, уларнинг ҳудудий бўлим бошлиқлари, оромгоҳ директорлари, тарбиячилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
– Жорий мавсумда вилоятимиздаги 14 та доимий оромгоҳда 7 мингдан ортиқ, 57 та кундузги масканларда эса 12 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг ҳордиқ чиқариши режалаштирилган, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев. – Шу сабабли барчамиз болаларнинг вақтини мазмунли ўтказишга муносиб ҳисса қўшишимиз шарт. Ўғил-қизлар қайси ҳудудда дам олмасин, ташкил этилган ўн икки кунлик даврадан бирдек мамнун бўлишлари керак. Семинарнинг айнан ушбу масканда ўтказилаётганидан мақсад соҳа раҳбарлари бу ердаги шароит ва имкониятларни бевосита ўрганиб, ўз фаолиятларида қўллашлари учун тажриба майдони яратишдир.
Мазкур оромгоҳ раҳбари Нигора Жабборова ушбу маскан янги мавсумни юқори тайёргарлик билан қарши олаётгани, жорий йилда 5 босқичда жами минг нафар болани қамраб олиш режалаштирилганини таъкидлади.
– Бу ерда болаларнинг кун тартиби фақат дам олиш билан чекланмайди, балки улар ўз иқтидорини ҳам кашф этади. Улар учун спорт, санъат ва маданият, ижод ва интеллекуал, тил ва медиа саводхонликлари, моҳир қўллар ва касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган 12 кунлик махсус дастур оромгоҳ ҳаётини янада мазмунли ташкил этишга хизмат қилади. Ҳар бир кун муайян мавзуларга бағишланган. Жумладан, “Салом, оромгоҳ!”, “Болалар фестивали”, “Ҳарбий ватанпарварлик”, “Миллий қадриятлар”, “Заковат”, “Ижод ва истеъдод”, “Она табиатни асраш”, “Моҳир қўллар — касб-ҳунар”, “Спорт ва саломатлик”, “Миллатлар дўстлиги”, “Туризм ва ўлкашунослик”, “Сарҳисоб” каби мавзулар болаларнинг дунёқараши ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Семинарда ўқувчиларнинг таътил даврини мароқли ўтказиш билан бир қаторда, уларнинг хавфсизлигини қатъий назоратга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари томонидан дам олиш жойларида гигиеник нормаларга амал қилинишини таъминлаш ва сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда спорт бошқармалари ҳамкорлигида ёшлар учун маданий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир қатнашчилари оромгоҳда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.